Инсон бу ҳаётда яшаш учун келади. Демак, ҳаёт бизга берилган ноёб туҳфа. Китоблар эса ҳаётим мазмуни.
Мен яқинда дурдона бир асарни қўлга олдим, уни жавоҳирга тенглаштирдим. Бу асар халқаро миқёсда 21-асрнинг энг кучли сиёсий, лидерларидан бири сифатида эътироф этилган давлат арбоби, Юртбошимиз томонидан битилган “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш энг саодатдир” китобидир. Мен бу асарга шу қадар меҳр қўйдимки, унинг жумлаларини, ҳатто, ёд олдим. Юртбошимизни ўзбек аёлининг ўз оиласи, севимли ёрига садоқати тенгсиз эканини, аёл зотининг иродаси, маънавий жасорати, меҳру муҳаббатининг кучи, инсоний фазилатларига тан берганини қуйидаги сўзлар орқали изоҳлайди: “Балки улар умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдошига ҳеч қачон “мен сизни севаман, яхши кўраман” деб айтмагандир, лекин бутун қалби, вужуди билан ўз ёрига фидоий ва вафодор бўлган мана шу аёллар тимсолида ҳақиқий севги ва садоқат намунасини кўрганман, десам ишонинглар, бу айни ҳақиқат. Юзлари офтобда қорайиб кетган, қўллари меҳнатда қадоқ бўлган бу аёлнинг қалби, юраги шунчалар гўзал, шунчалар беғубор эканлигини кўриб, дунёда ҳақиқатдан ҳам ўзбек аёлига тенг келадиган аёл йўқ, деган фикрга яна ва яна бир бор ишонч ҳосил қилганман. Шу маънода эркакларга қарата айтмоқчиманки, шуни билиб қўйинг, бундай аёлларни бошқа ҳеч жойдан топа олмайсиз”.
Аёлларга меҳру муҳаббат билан Юртбошимизнинг айтган бу сўзлари аёлнинг нечоғли юксак инсоний сифатларга эга эканини яна бир карра исботлайди. Давлатимиз раҳбарининг бу асари барчамизни шундай ажойиб, бағри кенг халқимизга, фарзандлик меҳру садоқати билан хизмат қилишга, шу муқаддас заминни севишга, унга фидоий бўлишга, юртг тақдири учун қайғуришга ундайди.
Миллий тафаккуримиз хазинаси ҳисобланган мазкур асардаги ҳар бир сўз, ҳар бир даъват мустақил Ўзбекистоннинг тараққиётда янада илдам қадам ташлашида, аҳолимизнинг турмуши обод, ҳаёти фаровон, юртимизнинг тинч ва осойишта, бир сўз билан айтганда, кучли фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Шаҳноза ХУДОЙБЕРДИЕВА, Вобкент туман 7-умумий ўрта таълим мактаб БТ етакчиси.