ТАЪЛИМ ТИЗИМИ ТАРАҚҚИЁТИ

Илм-фан сарҳадларида

 Сўнгги йилларда мамлакатимизда фан ва таълим соҳасида қатор ютуқлар қўлга киритилиб, маориф тизими янада тараққий этмоқда. Малакали педагог кадрларнинг дарс жараёнларида интерфаол усуллар ҳамда интерактив ўйинлардан фойдаланаётганлиги ўқувчиларнинг мавзуни мукаммал ўзлаштиришида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Яқинда Бухоро Автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежида “Умумтаълим фанлари” кафедрасига қарашли Астрономия фанидан кўргазмали дарсни намунали тарзда ташкил этдим. Тақвимлар мавзуида ўтказилган мазкур дарс ўзининг қизиқарлилиги, мантиқий изчиллиги ҳамда замонавий таълим талаблари асосида ташкил этилгани билан ўқувчилар ҳамда дарс кузатувчиларида катта таассурот қолдирди.

Илк тақвимлар пайдо бўлган қадимги Миср, Бобил, Месопатамия, Юнонистон ҳамда Рим давлатларига “саёҳат”дан сўнг, ўқувчилар билан Юлиан, Григориан, Мусулмон, Умар Хаём календарларини бирма-бир таҳлил қилдик. Айниқса, уларнинг ўхшашлик ва фарқли томонлари, вақтни аниқлашдаги хатоликлари, ҳижрий-қамарий, милодий йиллар, Рим императорлари Актавиан Август шарафига август ойи, Юлий Цезарга атаб эса июл ойининг номланганлиги, уларнинг тарихи атрофлича муҳокама этилди.

Вақтни ҳисоблаш борасида улуғ ватандошларимиз Беруний, Фаробий, Мирзо Улуғбекларнинг амалга оширган мислсиз хизматлари, жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасининг мултимедиа орқали намойиш этилганлиги дарснинг тарбиявий мақсадини очиб берди.

Дарснинг асосий қисмининг қизиқарлилиги ўқувчиларнинг гуруҳларга бўлинган тарзда ўтказилганлигида намоён бўлди. “Вақт” ва “Календарь” жамоаларига “Мантиқ майдони”, “Блиц савол”, “Ақл чархи”, “Класстер”, “Кроссворд”, “Коинотга саёҳат” шартлари бўйича ўзаро беллашишди.  Шунингдек, ўқувчиларнинг мавзуга доир атамаларни инглиз тилида баён этганлиги фанлараро интеграцияни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Бугунги кун педагоги олдида турган асосий масала ўқувчиларнинг фан доирасида билимини кенгайтирибгина қолмай, уларнинг фикрлаш доирасини, кенг дунёқарашини шакллантириш ҳамда илмий фаоллигини оширишдан иборат экан, биз таълим фидоийлари бу борада масъулиятни чуқур англаб, ўзимизнинг бор куч ва ғайратимизни сафарбар этмоғимиз даркор.

 Зилола ТЎҚСАНОВА,                                                                   Бухоро Автомобил ва йўллар касб-ҳунар коллежи физика-астрономия фани ўқитувчиси.