ОНА ВА БОЛА САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА

Анжуман

         “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли элнинг фарзандлари соғлом бўлур” деган эди давлатимиз раҳбари Ислом Каримов. Албатта, ҳар қандай давлатнинг ривожланишида, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринга эга бўлишида ўсиб келаётган ёш авлодга берилаётган эътибор ҳамда ғамхўрлик муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида “Соғлом онадан – соғлом бола” дастури асосида қатор амалий ишлар амалга оширилди ва давом эттирилмоқда. Яқинда вилоятимизда “Оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг долзарб муаммолари” мавзуида ташкил этилган республика илмий-амалий анжумани ҳам ҳар томонлама соғлом болани дунёга келтиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат Тиббиёт институти ва бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган мазкур анжуманда республикамизда фаолият юритаётган малакали шифокорлар, профессор-ўқитувчилар, олимлар, илмий тадқиқотчи ва изланувчилар, Россия Федерациясининг етакчи шифокорлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Анжуман 15 га яқин нуфузли фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган дори-дармонлар, шифобахш гиёҳлар ва препаратлар кўргазмаси билан бошланди.

Бунда иштирок этган 300 дан ортиқ қатнашчилар ўзларининг долзарб мавзулардаги илмий маърузалари билан чиқишлар қилиб, амалий таклиф ва мулоҳазаларини илгари суришди.

– Анжумандан кўзланган асосий мақсад,– дейди Бухоро давлат Тиббиёт институти “Акушерлик ва гинекология” кафедраси мудири Гулчеҳра Ихтиёрова, – мамлакатимизда соғлом муҳитни қарор топтиришда муҳим омил ҳисобланган жисмонан соғлом фарзандларни дунёга келтириш, оналарнинг саломатлиги борасида янада қулай имконият ва шарт-шароитларни яратиш, доимий назорат ва кузатувни кучайтириш, аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, гинекология соҳасини янада ривожлантириш ҳамда оналарнинг фарзанд кўриш чоғида тиббий маданиятларини оширишдан иборатдир.

Конференцияда сўзга чиққанлар мазкур муҳим масалага алоҳида тўхталиб ўтишди.

 Дилбар ТЎҚСАНОВА (Бухоро), тиббиёт фанлари номзоди:

  • Ҳомиладорлик пайтида аёлларимизнинг белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиши ҳамда доимий тиббий назоратда бўлиши туғилажак фарзандининг соғлом дунёга келишида жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки она болани ҳар томонла муҳофаза этувчи асосий омил бўлиб ҳисобланади. Шундай экан, шифокорлар олдидаги энг муҳим масала эртамиз эгаларини дунёга келтирувчи оналарнинг саломатлигига жиддий эътибор беришдан иборатдир.

 Зулфия МУТАЛОВА (Тошкент), Олий тоифали шифокор:

  • Бугунги кунда соғлом авлодга қаратилаётган эътибор бизни қувонтириши баробарида, катта масъулият ҳиссини ҳам юклайди.Чунки фарзандларимизни ҳар томонлама соғлом бўлиб улғайишида ота-она билан бирга, биз ҳам масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак.

Икки кун давом этган анжуман ҳамда илмий баҳс-мунозалар сўнггида якуний қарорлар қабул қилиниб, устувор вазифалар белгилаб олинди.

Саломат ФАЙЗИЕВА,                                                        Бухоро Маданият коллежи ўқитувчиси.