Бухоро вилояти ёшларининг орзу-умидлари, фикр ва ташаббусларини ифода этиб келаётган “Buxoro yoshlari” газетасининг 25 йиллик қутлуғ айёми барчамиз учун улкан байрамдир.
Чорак аср – бу оддий рақам эмас. Бу – синовлар, изланишлар, жасорат ва матонат билан тўлган тарих. Бу — ёшлар қалбига йўл топа олган, уларни эзгу мақсадлар сари чорлаган минбарнинг шарафли йўлидир.
2001 йилда ташкил этилган мазкур нашр дастлабки кунлариданоқ, ёшларга хос руҳ, долзарб мавзулар ва самимий ёндашуви билан ўқувчилар эътиборини қозонди. “Билиб қўйки, сени Ватан кутади!”, “Буюк келажакни бирга қурамиз!” деган шиорлар шунчаки сўз бўлиб қолмади: улар ёшлар онгида ишонч, қалбида масъулият уйғотди. Газета мустақиллик ғоялари, миллий қадриятлар ва маънавий меросни тарғиб этиб, ватанпарвар, фаол ва ташаббускор авлодни тарбиялашга хизмат қилди.
Аммо, шу оғир шароитларда ҳам “Buxoro yoshlari” тўхтаб қолмади. Чунки, унинг таянчи – жамоанинг бирдамлиги, касбий садоқати ва қаламга бўлган ишончи эди. Офиссиз, техникасиз, имкониятларсиз ҳам сўз қудрати билан ўз ўрнини сақлаб қолиш — бу ҳақиқий жасорат эмасми?
Ўтган йиллар мобайнида газетани бошқарган ва унинг мазмун-моҳиятини бойитган бош муҳаррирлар – Саидбурхон Қодиров, Адолат Акрамова, Жамол Носиров ҳамда бугунги раҳбар Лайло Ҳайитова каби фидойи инсонларнинг меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ. Улар яратган ижодий мактаб бугунги авлод журналистлари учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Газета саҳифаларида самарали меҳнат қилган Раъно Саидмуродова, Моҳигул Назарова, Эркин Содиқов, Ҳамза Турдиев, Дилноза Ўринова, Ҳамро Акиев каби ижодкорлар, шунингдек, марҳум журналистлар Даврон Баҳронов, Илҳом Сафаров, Дилмурод Жабборов, Сафар Аҳмедов, Маннон Отабой, Шоира Холова номлари газетанинг шарафли тарихида алоҳида ўрин тутади. Уларнинг меҳнати ва хотираси бугунги жамоа учун масъулият ва илҳом манбаи.
2012 йилдан бошлаб, “Buxoro yoshlari” газетаси Бухорода илк бор рангли нашр сифатида чоп этила бошлади. Ўша пайтда вилоятда рангли босмахона мавжуд эмас эди. Газета Навоий вилоятида саҳифаланиб, чоп этиларди. Шу билан бирга, веб-сайт ва телеграм канал ишга туширилиб, нашр электрон майдонга ҳам дадил қадам қўйди. Бу – анъанавий газетачиликни замонавий ахборот технологиялари билан уйғунлаштириш йўлидаги муҳим қадам эди.
Айни пайтда эса газета Қарши шаҳридаги “Photo Eхshress” хусусий ишлаб чиқариш босмахонасида чоп этиб келинмоқда.
Таҳририят қошидаги “Parvoz” ёш журналистлар маҳорат маркази эса вилоятдаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, устоз-шогирд анъанасини давом эттиришда муҳим мактабга айланди. Босма ва интернет журналистикаси, телевидение, радио, фото йўналишларида олиб борилган машғулотлар миллий журналистикамизга муносиб кадрлар етиштиришга хизмат қилди.
Бугун таҳририят жамоаси замонавий фикрлайдиган, ташаббускор кадрлар билан янада кучайган. Анъанавий босма нашр имкониятлари сунъий интеллект ва рақамли технологиялар билан уйғунлашиб, конвергент ахборот майдонида ўз ўрнини мустаҳкамламоқда. Ижтимоий тармоқлардаги “Sado-news”, “Jurnalist+” ахборот дастури ва
“Bilasizmi?” лойиҳаси нашрнинг янги қиёфасини намоён этмоқда.
Энг муҳими, “Buxoro yoshlari” фақат ахборот тарқатувчи эмас. У вилоятимиздаги маънавий-маърифий, маданий ва ижтимоий тадбирларнинг фаол ташаббускори. Турли танлов, акция ва ижодий лойиҳалар орқали ёшлар фаоллигини ошириш, китобхонлик ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
25 йиллик тарих – бу фахр. Аммо, шу билан бирга катта масъулият ҳамдир. Олдинда янги марралар, янги вазифалар турибди. Ахборот майдонида рақобат кучайган бугунги даврда холислик, тезкорлик ва таъсирчанлик ҳар қачонгидан муҳим.
Ишонаманки, “Buxoro yoshlari” газетаси келгусида ҳам ёшлар ҳаётини холис ёритиб, уларнинг муаммо ва ютуқларини жамият эътиборига олиб чиқишда етакчи минбар бўлиб қолади. Миллий матбуотимизнинг муносиб ва таъсирчан нашрларидан бири сифатида яна кўп йиллар бардавом бўлади.
Шу қутлуғ сана муносабати билан барча журналистлар ва газетхонларга мустаҳкам соғлик, илҳом ва ижодий ютуқлар тилайман. Қаламингиз ўткир, сўзингиз таъсирчан, йўлингиз равшан бўлсин!
“Buxoro yoshlari”га бардавомлик, унинг фидойи жамоасига эса муваффақият ва зафарлар ёр бўлсин!
Шавкат Раҳмонов,
Бухоро вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи.