Сўнгги йилларда озиқланиш одатларидаги ўзгаришлар, айниқса, қайта ишланган ва транс ёғли кислоталарга (ТФА) бой маҳсулотлар истеъмолининг ошиши, инсон саломатлигига, хусусан, ҳомиладорлик ва лактация даврида салбий таъсирлар кўрсатиши аниқланмоқда. Транс ёғлар моно ёки кўп тўйинмаган ёғли кислоталар бўлиб, уларнинг кимёвий конфигурацияси липидлар ва мембрана оқсиллари функциясини ўзгартиради. Улар ўсимлик мойларини қисман гидрогенлаш ёки кавш қайтарувчи ҳайвонлардан олинган озиқ-овқат маҳсулотларидан ҳосил бўлади.
Транс ёғлар соғлиқ учун хавфли бўлиб, юрак-қон томир касалликлари, нейропсикиятрик бузилишлар, ҳаракат ва хотира бузилиши, гиёҳвандликка мойиллик, биполяр бузуқлик ва гиперактив хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ экани исботланган. Айниқса, ҳомиладорлик ва лактация даврида ТФА истеъмоли орқали организмга тушган ёғли кислоталар мия ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Бу даврларда онанинг диетаси орқали етказиб бериладиган ёғ кислоталари фарзанднинг мия мембраналари таркибига кириб, сигнал узатиш, транскрипция жараёнлари ва стрессга жавоб реакцияларига бевосита таъсир қилади.
Кемирувчиларда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ТФА билан бойитилган диетада озиқланган оналарнинг наслларида постнатал 60-кунда ташвишланишга ўхшаш хатти-ҳаракатлар, яллиғланиш белгиларининг кучайиши, оксидловчи стресс ва глюкокортикоид рецепторлари (ГР) ифодасининг пасайиши қайд этилган. Плазмадаги проинфламатуар ситокинлар, жумладан ТНФ-а ва ИЛ-6 даражалари ошган, яллиғланишга қарши ИЛ-10 эса пасайган. Ҳипокампусда реактив кислород турлари, оқсил карбонил даражалари ва каталаза фаоллиги ортгани кузатилган. Бу эса лимбик минтақаларда ГР ифодасининг камайиши билан бирга наслда ташвишли хатти-ҳаракатларнинг ортишига олиб келган.
Транс ёғли парҳезлар яллиғланиш жараёнларини кучайтиради, хусусан, C-реактив оқсил (CРП), ТНФ-а ва ИЛ-6 каби маркерларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Ушбу яллиғланиш ситокинлари ГР фаолиятини сусайтириши ва нейроэндокрин бузилишларга олиб келиши мумкин. Айнан шунинг учун ГР орқали бошқариладиган стресс ва иммун жавоблар издан чиқади. Яна бир муҳим ҳолат — астроситлар ва микроглиялар томонидан чиқарилган реактив кислород турлари нейронларга зарар етказиши мумкин.
Ҳомиладорликда ёғлар сифати ва миқдори бевосита ҳомиланинг ўсишига таъсир қилади. Ёғларнинг кам ёки ортиқча истеъмоли наслда узоқ муддатли кардио-метаболик муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Тадқиқотлар ҳомиладорлик пайтида кўп ёғли диетада бўлган оналарнинг фарзандларида тана ёғ миқдори ошганини аниқлаган. ДҲА каби омега-3 ёғ кислоталари билан қўшимча озиқланиш ҳомила миянинг ривожланиши ва ретинанинг шаклланишига ижобий таъсир қилади.
Шунга қарамай, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2018 йилда саноатда ишлаб чиқарилган транс ёғларни глобал озиқ-овқат таъминотидан бутунлай чиқаришни тавсия қилган бўлсада, ҳали ҳам 5 миллиарддан ортиқ одам ушбу хавф остида қолмоқда. Хулоса қилиб айтганда, ҳомиладорлик ва лактация даврида онанинг транс ёғли диетаси фарзанднинг психологик ҳолати, мия ривожланиши ва иммун тизимига жиддий зарар етказиши мумкин. Шу боис, бу даврларда ТФА истеъмолини чеклаш ёки бутунлай чиқариб ташлаш соғлом авлод шаклланиши учун муҳим омил ҳисобланади.
Бухоро шаҳар туғруқ комплекси акушер гинекологлари