Халқимиз азалдан илм олиш, ҳунар эгаллашга иштиёқманд. Бугунги кунда ҳам китобхонликни ривожлантириш, ёшларни мутолаага бўлган қизиқишини ошириш мақсадида самарали ислоҳотлар олиб бормоқда. Хусусан, 5 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган китобхонлик ҳафталиги бу йил ҳам мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланди.
21-27 апрель кунлари Бухоро вилояти Ахборот-кутубхона марказида “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остидаги “V Республика Китобхонлик ҳафталиги” ташкил этилди. Ҳафталик доирасида республика миқёсидаги нашриётлар томонидан чоп этилган янги маҳаллий ва хорижий китоблар тақдимоти, китобсеварлар учун турли маҳорат дарслари, мутолаа тадбирлари, ёзувчи ва адиблар билан учрашувлар, давра суҳбатлари, кутубхонамга китоб совға қиламан акциялари ва бошқа қатор маънавий-маърифий, маданий дастурлар ўрин олди. Қолаверса,меҳмонлар учун кутубхона бўйлаб экскурсия ташкил қилиниб, АКМ сайтидан фойдаланиш ва электрон китобларни юклаб олиш бўйича тавсиялар берилди. Тадбирни Зоом платформаси орқали онлине кузатиш имконияти яратилди.
Дўстлик нишонаси
Ҳафталик давомида дўстлик ва ҳамжиҳатлик белгиси сифатида “Ўзбекистон – Озарбайжон алоқалари архив фото ҳужжатларида” китоб-альбомининг тақдимоти ва “Ўзбекистон ва Озарбайжон икки қардош халқ” мавзусидаги архив ҳужжатлари кўргазмаси ўтказилди. Ушбу кўргазмада “Ўзархив” агентлиги ва Озарбайжон Миллий архив бошқармаси халқаро делегация вакиллари иштирок этдилар. Ҳужжатлар ва тарихий фотоархивлар орқали икки халқ ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг самарадорлиги ва мустаҳкамлигини чуқурроқ англаш имконияти яратилди.
Қалам ва қалб суҳбати
Озодлик, маънавият ва илм учун курашган аждодларимиз амали ҳпр бир ёш учун ибрат, демакдир. Жадидлар ҳаёт йўли ва меҳнатларини ёдга олиш ниятида “Жадидлар миллий ўзлик ва истиқлол ғоялари асосчиси” мавзусида суҳбат қурилди. Суҳбатда жадидчилик ҳаракати ва унинг асосий ижодкорлари ҳақидаги маълумотлар берилди. Жадидчиликнинг миллий ўзлик ва истиқлол ғояларига қўшган ҳиссаси борасида сўз юритилди. Уларнинг амаллари ёшларга ўрнак бўлса, бугун кун қаҳрамонлари- ёзувчи ва шоирлар асарлари ва суҳбати интилиш ва имкониятлардан самарали фойдаланиш иштиёқини беради. Айниқса, “Севимли ёзувчим билан учрашув” лойиҳаси доирасида ёзувчи Рўзимурод Маҳмуд, шоира Лайло Шарипова ва Инобат Очилова билан ўтган талабалар учрашувида ёзувчилар ўз ижодлари ва адабиётга бўлган муносабатларини фаол муҳокама қилдилар. Эндигина қалам тебратишни бошлаган ёш ижодкорлар шеърларидан намуна ўқиб беришди. Ёшлар устозларнинг муҳим ва керакли тавсияларига диққат билан қулоқ тутишди.
Табиатга эътибор керак
2025-йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” муносабати билан Бухоро Давлат Университети талаба ва ўқитувчилари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. “Яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби устувор масалалар ҳақида фикр алмашилди.
Табиатни асраш ва атроф-муҳитга зиён етказмасликни тарғиб этувчи расмлар танлови ҳам ташкил этилди. Бунда «Чизгиларда сеҳрли олам» клуби аъзолари ҳамда мактаб ўқувчилари иштирок этишди. Улар она табиатнинг гўзаллигини ўз рассомлик кўникмалари орқали ифода этдилар. Фаол қатнашган ўқувчиларга АКМ маъмурияти томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Янги китоб-янги олам
Муаллифлик ҳуқуқи ҳар қандай ижодий касбнинг ажралмас қисмидир. Вилоят кутубхонасида “Муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш“ номли адабиётларнинг очиқ кўргазмаси ташкил этди. Кўргазмада Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи бўйича дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, шунингдек, ушбу соҳадаги муаммоли нуқталар, жумладан, сунъий интеллект томонидан яратилган асарларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги журналлардан мақолалар намойиш этилди. Барса китобларнинг мазмуни бутун инсониятни бирлаштиришга қаратилган. Шунингдек, ёзувчи Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохоновлар қаламига мансуб «Чўққида қолган овчининг оҳи-зори» китоби тақдимоти ўтказилди.
Бу йилги китобхонлик ҳафталиги — китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёш авлоднинг маънавий камолотини таъминлаш ва ҳар бир инсонни китоб оламига яқинлаштиришга қаратилган мазмунан бой ва тарбиявий аҳамиятга эга тадбир сифатида ўтди. Қатнашган ҳар бир ёш адабиёт ва китобларнинг жамият учун аҳамиятини янада чуққуроқ англади.
Зулфизар Мавлонова