Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси муассислигидаги “Buxoro yoshlari” газетаси таҳририяти томонидан “Соғлом ҳаёт – бахтли келажак!” номли лойиҳа доирасида “Болаларга беринг дунёни!” танлови ўтказилди. Бунда болажонлар ўз иқтидорларини расм чизиш, қўшиқ айтиш, шеърхонлик ҳамда рақсда намоён этиб, беллашишди. Ушбу танлов Бухоро шаҳридаги 39-ИДУМда бўлиб ўтди.
Мақсад болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг яратувчанлигини ривожлантириш ва дунёни яхшироқ тушунишларига ёрдам беришдан иборат. Мазкур тадбир орқали таҳририят жамоаси болаларнинг дунёни кенгроқ идрок этишлари ва келажакда ўз орзуларига эришишларига ёрдам беришни кўзлаган. Бундай лойиҳалар жамиятда болалар ҳуқуқларига эътибор қаратиш ва уларни қўллаб-қувватлашда катта аҳамиятга эга.
– Бугунги танлов болалар учун анча қизғин тарзда ўтди. Айниқса, уларда юқори ўринларни эгаллашга бўлган иштиёқ жудаям баланд эди. Берилган имкониятдан фойдаланиб, шеърни тез ёдлаш қобилиятларини, расм чизиш, қўшиқ куйлаш ва бошқа жиҳатларини синовдан ўтказишди,-деди мактаб ўқитувчиси Ойдин Бозорова.
Ҳар бир йўналиш бўйича 3 нафар ғолиб аниқланди. Тадбир якунида ғолиблар ҳамда фаол қатнашган этган барча иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.