Мактабгача ва мактаб таълими тизими Бухоро вилоятида: 2024 йилдаги ўзгариш ва янгиликлар

Якунланиб бораётган 2024 йил барча соҳалар қатори Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими тизими учун ҳам ниҳоятда самарали кечди.

Даставвал тизим пойдевори саналган мактабгача таълим йўналишидаги натижаларига тўхталиб ўтсак.

Айни пайтда вилоятимизда 2 143 та мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 492 таси давлат, 1517 таси оилавий, 113 таси давлат хусусий шериклик асосидаги, 21 таси хусусий таълим ташкилоти ҳисобланади.

Жорий йилда давлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 17 тага, оилавий МТТлар 265 тага, ДХШ асосидаги таълим ташкилотлари 16 тага, хусусий МТТлар сони эса 3 тага ошди.

Ушбу МТТларга вилоятимизда мавжуд жами 156 695 нафар 3-7 ёшли болаларнинг 13 5016 нафари, яъни 86,4 фоизи қамраб олинди. Қамровнинг 60,2 фоизи давлат, 39,8 фоизи нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади.

Айтиш жоизки, 2024 йилда 3-7 ёшли болалар учун қўшимча 7 683 нафар бола ўрни яратилди.

Жумладан, жорий йилги инвестиция дастури дорирасида 1 та янги МТТ барпо этилди, 8 та МТТда реконструкция, 1 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жами 44.7 милиард сўм маблағ эвазига амалга оширилган мазкур лойиҳалар натижасида 1170 нафар тарбияланувчи ўрни яратилди.

Шунингдек, янги ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида 4 966 нафар қўшимча бола ўрни яратилди.

Бундан ташқари чекка худудлардаги мактабгача таълим ташкилотлари негизида умумтаълим мактабларининг бўш биносида қўшимча 6 та тўлиқ кунлик гуруҳлар ташкил қилиниб, 175 нафар, 3 та мактабнинг бўш турган биносини қайта жиҳозлаш ва таъмирлаш эвазига 270 нафар бола қамраб олинди. 189 та мактабда 350 та мажбурий бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳлари ташкил этилди.

Натижада жорий йилда қамров даражаси 83,3 фоиздан 86.4 фоизга (+3,1%) ўсишга эришилди. 6 ёшли болаларнинг таълимга қамрови эса 93,4 фоиздан 98,9 фоизга (5,5%) кўтарилди.

Мактабгача таълим ташкилотларини малакали кадрлар билан таъминлаш, мавжуд педагоглар салоҳиятини ошириш борасида ҳам салмоқли ишлар олиб борилди.

Бугунги кунда вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотларида 11 383 нафар педагоглар фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг 4 955 нафари, яъни 43.5 фоизи олий, 6 428 нафари, яъни 56,5 нафари ўрта махсус маълумотли педагоглардан иборат.

2024 йилда 126 нафар олий маълумотли мутахассис педагоглар ишга қабул қилинди ва 30 нафар ўрта махсус маълумотли педагоглар сиртқи таълим шаклида олий таълим муассасаларини тамомлади. Бунинг натижасида олий маълумотли педагоглар салмоғи 41,5 фоиздан 43,5 фоизга ошди.

Мактабгача таълим тизимида илғор хорижий тажрибаларни олиб кириш ва таълим-тарбия сифатини янада ошириш мақсадида 2024 йил давомида бир қатор халқаро ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилди. А.И.Герцен номидаги Россия давлат университети, “Корея халқаро ҳамкорлик “КОИCА” лойиҳаси, ЮНИСЕФ болалар ташкилоти ҳамкорлигида 10 дан ортиқ тренинглар ва ўқув курслари ташкил этилди.

Бундан ташқари жорий йилда вилоятимиздаги 18 та мактабгача таълим ташкилотида халқаро МЕЛҚО баҳолаш тизими тажриба-синовдан ўтказилмоқда. МЕЛҚО халқаро воситаси бутун дунёда эрта ёшдаги болаларни парвариш қилиш ва таълим сифатини ўлчаш учун ишлатилади. Ушбу тадқиқот болаларнинг қанчалик яхши ривожланганлиги ва болаларнинг таълим муҳитининг сифати ҳақида маълумот беради.

Мактаб таълими тизимида эришилган натижаларимиз ҳам анча салмоқли бўлди.

Бугунги кунда вилоятда 546 та давлат ва 32 та нодавлат умумтаълим мактаблари фаолият юритаётган бўлиб, уларда 333 минг 2842 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Малака тоифасига эга ўқитувчилар салмоғи қарийб 80 фоизга етди.

Умумтаълим муассасаларидаги педагоглар сони 30 645 нафарни ташкил этиб, уларнинг 5 742 нафари, яъни, 18,7 фоизи олий, 8 004 нафари ёки 26,1 фоизи биринчи, 9 502 нафари ёки 31 фоизи иккинчи тоифали, 7 397 нафари ёки 24,2 фоизи мутахассис кадрлар ҳисобланади.

Жорий йилда малака тоифасига эга ўқитувчилар салмоғи 69,9 фоиздан 77,7 фоизга, яъни 7,8 фоизга ўсишига эришилди.

Ўтказилган малака синови жараёнларида иштирок этган умумий ўрта таълим мактаблари педагогларнинг ўртача кўрсаткичи 69,7 фоизни ташкил этиб, республикада энг олдинги ўринни банд этиб туришибди.

Шунингдек, янги тартибдаги оммалаштириш платформаси орқали 370 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси туман, 115 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси вилоят, 14 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси республика миқёсида оммалаштирилди.

Бундан ташқари, мактабларда фаолият юритаётган рус тили, она тили, математика, информатика, физика, кимё, биология, география фани ўқитувчиларининг 3 918 нафари фанни билиш бўйича миллий ва халқаро сертификатларга эга.

Вазир жамғармасидан ажратилган 103 та квотага кўра шакллантирилган 308 нафар номзодларнинг 118 нафари (113,5 фоиз)га тегишли устама белгиланган.

Айни пайтда минг доллардан ортиқ маош олаётган ўқитувчилар салмоғи 240 нафардан ошди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан +130 нафарга кўп.

Умумтаълим мактаблари хорижий тил ўқитувчиларининг қарий 75 фоизи халқаро ва миллий сертификатга эга бўлди.

Айни пайтда вилоятдаги умумтаълим мактабларида 3 020 нафар хорижий тил фанлари ўқитувчилари фаолият олиб бормоқда. Мавжуд 533 та мактабнинг 491 тасида инглиз тили фани ўқитилиб, бу жараённи 2 657 нафар педагоглар олиб бормоқда. Хорижий тил педагогларининг 183 нафари француз, 170 нафари немис ва 10 нафари корейс тили фани ўқитувчилари ҳисобланади.

Умумтаълим мактабларида инглиз тили билан бир қаторда 58 та мактабда немис, 56 та мактабда франсуз ва 6 та мактабида корейс тили ўқитилмоқда. Шунингдек 28 та мактабда инглиз, немис, француз ҳамда корейс тиллари 2-тил сифатида ўргатиб келинмоқда.

Таълим сифатини оширишда ўқитувчиларнинг малакасини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга. Мактабларда хорижий тилларни ўргатишда ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилган. Айни пайтда мавжуд хорижий тил ўқитувчиларининг 2 225 нафари, яъни 74.2 фоизи халқаро ҳамда миллий сертификатга эга. Бу сертификатли ўқитувчилар салмоғининг ўтган йилга нисбатан 18 фоизга ошганлигини кўрсатади.

Тизимда илғор халқаро тажрибалардан самарали фойдаланиш, янги замонавий таълим методикаларни жорий этиш мақсадида жорий йилда Корея, Россия ва АҚШ давлатларидан 10 нафар хорижий педагоглар таълим жараёнларига жалб қилинди.

Шунингдек, 29 нафар вилоятимиз педагоглари ҳамда 5 нафар раҳбар ходимлар Германия, Франция, Корея давлатларида малака ошириб қайтдилар.

Бундан ташқари турли хорижий олийгоҳлар ва ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилиб, ўқувчиларимиз ҳам хорижда таълим саёҳатларида бўлиб қайтишди. Бухоро шаҳридаги 19- ва 42 -мактабнинг бир гуруҳ ўқувчилари Кореяда, 4-умумтаълим мактаби ўқувчилари Германияда бўлишди.

Президент соврини учун ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг вилоят босқичида ғолиби бўлган Вобкент туманидаги 1-умумтаълим мактаби жамоаси Германия ва Швецарияда таълим саёҳатида бўлиб қайтишди.

Таълим муассасалари инфратузилмасини яхшилаш.

Таълим муассасаларининг моддий-техник жиҳатдан тўкислиги ҳам таълим сифати самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис 2024 йилда ҳам ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Инвестиция дастури асосида вилоятдаги 39 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу жараёнда 1 та янги мактаб қурилиб, 34 тасида реконструкция, 4 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 9 880 ўқувчи ўрнига мўлжалланган янги ўқув бинолари, 8 та спорт зал ва 222 ўринли ётоқхона фойдаланишга топширилди. Бунинг учун 244,4 млрд.сўм маблағ ажратилди.

Шунингдек, маҳаллий бюджет ҳисобидан ҳам 23,9 млрд.сўм маблағ ажратилиб, 38 та муассасада қурилиш-таъмирлаш, 57 тасини ўқув жиҳозлари, 65 тасини компьютер техникалари билан таъминлаш, 546 та мактаб ва 13 та мактабдан ташқари таълим ташкилотларини янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари амалга оширилди.

Битирувчиларнинг 58.3 фоизи ОТМлари талабаси бўлишди.

Жорий йилда вилоятимиз умумтаълим мактабларини тамомлаган 21 минг 937 нафар 11-синф битирувчиларининг 12 минг 797 нафари ёки 58,3 фоизи олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди.

Битирувчиларимизни олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида тўплаган ўртача баллари 89,2 фоизни ташкил этиб, бу кўрсаткич бўйича республикада етакчи ўрин қайд этилди.

Сўнгги уч йил мобайнида эришилган натижаларни солиштирадиган бўлсак, вилоятдаги битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш улуши 25 фоиздан 54 фоизга, олий ўқув юртларига кириш ўртача балл кўрсаткичи 70 баллдан 89,2 баллга ошганлигини кўриш мумкин.

Бухоролик ўқувчилар халқаро фан олимпиадаларида 22 та медални қўлга киритишди.

Фахр билан эътироф этиш жоизки, бугунги кунда халқаро фан олимпиадаларида муваффақият қозониб, юртимиз байроғини кўкларга кўтариб келаётган бухоролик ўқувчилар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Биргина 2024-йилнинг 25-30-март кунлари Туркманистон давлатида ўтказилган халқаро математика мусобақасида иштирок этган 8 нафар бухоролик ўқувчининг 7 нафари (1 та олтин, 2 та кумуш, 4 та бронза) Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ғолибликни қўлга киритди.

Шунингдек, 9-14 июн кунлари илк бор шариф шаҳримизда ўтказилган буюк олим, тиббиёт илмининг даҳоси Абу Али ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадасида ўқувчиларимизнинг 4 нафари алоҳида жамоа сифатида иштирок этиб, 2 нафари олтин ва 1 нафари бронза медалини қўлга киритди.

Умумий ҳисобда 2024-йилда Республика фан олимпиадаларида 7 та совринли ўрин (4 та 1-ўрин, 3 та 3-ўрин) қайд этилган бўлса, Халқаро фан олимпиадаларида 22 та (3 та олтин, 7 та кумуш, 12 та бронза) медал қўлга киритилди.

Бу ютуқларда албатта, жонкуяр ва фидойи педагогларимизнинг хизматлари беқиёс эканлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Вилоятдаги 13 та мактабда касб-ҳунарга ўқитишнинг янги тизими жорий этилди.     Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини хорижий тил ва замонавий касбларга ўқитиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Бухоро вилоятидаги 13 та умумий ўрта таълим муассасаларида ҳам ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш амалиёти жорий этилди.

 

Ушбу мактабларда 34 та касб-ҳунар хоналари ташкил этилган бўлиб, 32 нафар тажрибали касб усталари жалб этилган.

Айни пайтда мактабларнинг 10-11-синфларида таълим олаётган 1023 нафар ўқувчилар дурадгорлик ишлари устаси, ганч ишлари устаси, тикувчилик, электромантёр, интернет маркетинг, фотомуҳаррир, Веб-дизайнер, мебел ишлари устаси, эркаклар сартароши компютер оператори касблари бўйича ўқитилмоқда.

“Ҳаёт давомида таълим” ғояси асосида ўқувчиларга Ғиждувон тумани мисолида касб-ҳунар ўргатиш тажриба сифатида жорий қилинди. Бунда, тадбиркорлар билан ҳамкорликда касб-ҳунарга қизиқиши бўлган ўқувчиларга касб ўргатилиб, мактабдан бўш вақтларида ишлаш ва даромад топиши учун шароит яратилди. Тумандаги мактабларнинг 7 452 нафари, 10-11-синф ўқувчиларининг 737 нафари (11 %) турли йўналишларда ишлаб, 1,5 млн сўмдан 3.5 млн сўмгача даромад топмоқдалар. Шунингдек, тумандаги мактабларнинг 200 нафардан ортиқ 10-11-синф ўқувчилари дарсдан сўнг тумандаги 2-сон касб-ҳунар мактабида дуал таълим шаклида касб ўрганиб, тегишли сертификатларга эга бўлди.

Умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида 12 276 та фан тўгаракларига 244 454 нафар ўқувчилар қамраб олинган.

Шунингдек, 5 та муҳим ташаббус доирасида вилоятдаги умумтаълим мактабларида ташкил этилган 7 684 та тўгаракларга 224 247 нафар ўқувчи ёшлар жалб этилган.

Ўқувчи ёшларнинг ижодий қобилияти ва иқтидорини ривожлантириш мақсадида умумий ўрта таълим мактабларининг 9 107 нафар ўқувчилари мактабдан ташқари таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 321 та мусиқа тўгаракларига жалб этилган.

Вилоятдаги 14 та “Баркамол авлод” болалар мактабларида

7 йўналишда 79 номда 864 та тўгараклар фаолият юритиб, 21 490 нафар ўқувчи-ёшлар жалб этилган.

Ўқувчиларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг истеъдодларини рўёбга чиқариш мақсадида ўтказилган тадбир ва танловларда 75 120 нафардан ортиқ ўқувчи- ёшлар иштирок этишди.