Президент раислигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Юртимизнинг ҳар бурчидаги ободлик, яшилликка ҳисса қўшиш ҳамда кўчалар озодалигига эътиборли бўлиш кераклиги таъкидланди. Дарҳақиқат, табиатни асраш билан ўз ҳаётимиз қолаверса, келажак авлоднинг ҳам соғлом муҳитда яшашини таъминлаймиз. Бу йўлда “Яшил макон” лойиҳаси атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ундан оқилона фойдаланишга қаратилган муҳим тадбирлар мажмуи бўлиб қолмоқда. Йиғилишда айнан шу дастур ижроси ва кузги мавсумда ишларни жадал ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилди. Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Навоийда сув талаб этилмайдиган саксовул, қандим, черкез уруғлари дронлар ёрдамида экиладиган бўлди. Октябрь ва ноябрь ойларида маҳаллаларда 40 миллион дона манзарали ва мевали дарахт экиш белгиланди. ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали табиатни ҳимоя қилиш ва бойитиш тўғрисида тарғибот ишлари олиб борилиши айтилди.
Инсон саломатлигини сақлаш ва яхшилаш, жисмоний ва руҳий ҳолатни барқарорлаштиришда табиатнинг ўрни муҳим аммо, бу жараён аввало, соғлом турмуш тарзига амал қилишдан бошланади.
Бугунги кунда соғлом турмуш тарзи нафақат саломатлик, балки умумий ҳаёт сифатини яхшилаш ва узоқ умр кўриш кафолати ҳисобланади.
Шу жиҳатдан, йиғилишда соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштиришга алоҳида тўхталиб ўтилди. Бунда спортга жалб қилиш ва саломатликни таъминловчи одатларни кўпроқ 30 ёшдан ошган аҳоли ўртасида шакллантириш бўйича топшириқлар берилди. “Маҳалла еттилиги”ни одамларни жисмоний машқ, югуриш, велосипед ҳайдашга чорлашда фаолликка чақирилди.
Соғлом турмуш тарзига риоя қилган оилада – соғлом фикр ва дунёқараш, соғлом муҳит ва идроқ пайдо бўлади. Шу сабаб жисмоний фаоллик рейтингини тузиш, энг яхши маҳалла ва оилаларни рағбатлантириш белгиланди. Оилавий шифокор иши ва поликлиникаларда тўғри овқатланишни йўлга қўйиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиши қайд этилди. Мактабларда фаолият юритаётган спорт тренерлари маҳалларга бириктириладиган бўлди. Аҳолини дори ичишдан кўра соғлом турмуш тарзига риоя қилиш афзаллигини ва доимий спорт билан шуғулланиш энг муҳимлигини тушунтириш таъкидланди. Албатта, соғлом турмуш тарзи кундалик фаолликни сақлаб қолиш билан бирга турли касалликларнинг ҳам олдини олади. Тўлиқ ва тўғри яшашга ижобий таъсир кўрсатади. Умуман олганда соғлом турмуш тарзи узоқ умр кўришда энг мақбул сармоядир.
Рустамжон Раҳимбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси,
Бухоро давлат педагогика институти магистранти.