“Парвоз Хумо Равнақ транс” МЧЖ таъсисчиси: “Келажак учун роботлар эмас, элга елка тута оладиган билимли, тажрибадорлар керак!”

Ўзбекистоннинг JSP+ тизимига аъзо бўлиши Европа бозорига йўл демакдир. Халқаро коалиция томонидан ўзбек пахтасига қўйилган байкотнинг бекор қилиниши дунё бозорига “Парвоз Хумо Равнақ транс” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни эркин экспорт қилиш имкониятини яратди. Бунда пахта хом ашёсидан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган ишлаб чиқариш жараёнлари амалга оширилади.

Ҳар бир инсон улғаяйиб, шахс сифатида шакллангач, ўз олдига катта-катта мақсадлар қўяди. Мақсадларининг амалга ошиши учун изланишдан тўхтамайди. Ўзини жўшқин ҳаёт ичига уради. Ўқийди, изланади, интилади, салоҳиятини кучайтиради. Жамиятдан четда қолиб кетмаслик учун жоиз бўлса, ўт, олов бўлиб ёнади. Билими бор, салоҳияти бор, ҳаракати етарличами? Бундайларга мақсадлари йўлида учрайдиган тўсиқлар ҳам, қаршиликлар ҳам писанд эмас!

– Болалагимдан севимли машғулотим китоб ўқиш бўлган. Нафақат, бадиий китоблар, кўпроқ инсонни комилликка етакловчи илмий, психологик китобларни кўп мутолаа қилардим. Пахта далаларида ҳам китоб ўқиб улғайганмиз-да. Ўша даврларда бугунгидек болалик, ёшлик даврлари қаерда эди. “Сени ёшинг кичик, сен ҳали боласан!”-дейишмаган. Қимирлаган жон борки, пахта даласига чиқардик. Эгатларга, ғўза ораларига беркиниб-беркиниб китоб ўқиган кезларимиз ҳам бўлган. Ўшанда болаликда этак-этак пахталаримизни ортиб олиб кетаётган тележкали тракторлар ортидан қараб қолардим. Ғингшимоқчи бўлсак, ота-онамизга қўшиб, ўқитувчиларимиз ҳам “пахта – ризқ-рўз, пахта-уст-бошинг” дердилар. Жимгина бош эгиб, яна пахта теримига қайтардик. Яқин жўраларга, уйдагиларга шу пахталарни “ўзимиз ҳам қайта ишлов бериб, ўзимиз ҳам шунақа уст-бош етиштирсак бўлади-ку” дердим. Саволларим мийиғидаги кулги билан қаршиланиб, жавобсиз қоларди… Катта бўлиб улғайгунимча, болаликнинг шу хаёллари қалбимда кезинди. Кун келиб, хаёлларим мақсадга, мақсадларим амалга кўчди. Ўқидим, интилдим. Изланишдан тўхтамадим! Демак, билимда гап кўп. У ҳар бир соҳа равнақи учун асқотади. Билимсиз, илмсиз мақсадларга эришишни кўзлаганларнинг йўли қисқа, иши унумсиз бўлади. Инсон нимага эришган бўлса – у илмдан, нимани йўқотган бўлса – илмсизликдан. Бор нарсани борида қадрлаб, эришган муваффақиятларимизда баракани кўрдик. Бу баракада халқимизнинг ҳам ҳақи, улуши борлигини бир дафъа унутмадик,-деди “Парвоз Хумо Равнақ транс” МЧЖ таъсисчиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Нурмуҳаммад Очилов.

Ҳа. Асли Олот туманида туғилган Нурмуҳаммад Очилов, 1997 йилда Бухоро озиқ овқат ва енгил саноат технологияси институтини тамомлади. Институтнинг агросаноат комплекси тармоқларида иқтисод ва уни бошқариш, молия ва банклар йўналиши мутахассислигига эга Нурмуҳаммад Очилов бир неча йиллар Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компаниясида фаолият кўрсатди. 2010 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини сиртдан тугатди.

2013 йилдан бошлаб эса болалигидан ўз олдига қўйган мақсадларининг амалга ошиши йўлида жонфидолик кўрсатди – “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамиятини яратиш сайъ-ҳаракатига тушди. Ушбу субъектнинг бўй кўрсатиши йўлида учраган ҳар қандай пиллапояларни бир-бир забт этди.

2017 йилда Давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудларда саноатни ривожлантириш, маҳаллий хом ашёдан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида” қабул қилинган Фармон айни муддао бўлди. Ва шу йили “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” МЧЖ шаклидаги кўп тармоқли корхона ташкил этилди. Ғиждувон туманидаги умумий ер майдони 9,1 гектардан иборат бўш турган собиқ ип йигирув фабрикаси инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматда харид қилинди. 2018 йилда эса корхонанинг “оёққа туриши” учун 20 миллион доллар имтиёзли кредитга эга бўлди.

2018 йилдан ўз фаолиятини кенгайтира бошлади. Енгил саноат тармоғига сармоя тиккан ушбу кўп тармоқли корхона аввалига тўқимачилик, кейинроқ тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоғини ривожлантириб келмоқда.

Бугунги кунда ишлаб чиқариш субъектининг тумандаги енгил саноат тармоқларида 600 та иш ўрни яратилган. 2022 йил давомида умумий қиймати 85 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот ишлаб чиқарилган. Шундан 56 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот Россия Федерацияси, Эрон, Туркия, Хитой, Польша ва Қирғизистон каби давлатлардаги ҳамкорлардан тушган буюртмалар асосида экспортга чиқарилган. Фабриканинг тўлиқ қуввати йилига 9 минг 400 тонна ип-калава ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Ўтган йили май ойида мазкур корхона негизида лойиҳа киймати 25 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ва йиллик қуввати 10 минг 950 тонна трикотаж ва тўқима матони бўяш ҳамда гул босишга мўлжалланган қувват ишга туширилиши билан 450 та янги иш ўрни яратилган. Айни кунда ушбу фабрика ҳам тўла қувват билан ишга туширилди.

– Корхонамизда 4,5 мингга яқин ишчи фаолият кўрсатади. Ишлаб чиқариш йиллик қуввати 40 минг тоннага мўлжалланган пахта тозалаш заводи, қуввати 12 минг 500 тонна бўлган ип йигирув фабрикаси, 30 минг тонна ип калава тўқуви орқали трикотаж матолар ишлаб чиқариш ҳамда 14 минг 500 тонна қувватга эга тайёр бўёқ ва гул босиш фабрикалари мавжуд. Корхона 2024-2027 йилларда қиймати  22 миллион АҚШ долларига тенг янги лойиҳаларни амалга ошириш эвазига қўшимча 3 мингта янги иш ўрни яратишни режалаштирган. Бунинг натижасида экспорт маҳсулотлари ҳажмини 50 миллион  долларга етказиш кутиляпти,-дейди “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамият директори Нурали Боқиев.

Нурали Боқиевнинг сўзига кўра, корхона тўла замонавий технологик ускуналар билан бойитилган. Турли хориж давлатларининг замонавий ип-калава ишлаб чиқариш технологиялари келтириб ўрнатилган. Жумладан, Германиянинг “Trushler”, Швейцариянинг “Rieter” “Luwa”, Япониянинг “Murata” компанияларида ишлаб чиқарилган замонавий дастгоҳлар олиб келинган. Дастлабки даврларда корхонада жами қиймати 27 миллион доллардан иборат инвестиция ўзлаштирилган. Рақамлар салмоғи бугун ошган ва корхонада ривожланиш даражаси юқори. Саъй-ҳаракатлар натижаси баланд.

 

– Мана, яқинда, 7 минг квадрат метрли 5 қаватли бино қуриб битказилди. Гап шундаки, мазкур МЧЖ негизидаги “Haj tex group” корхонаси қошида алоҳида Тикув фабрикаси ташкил этилди. Айни пайтда 5/1 қисми ишга туширилган бўлса-да, 300 нафардан ортиқ хотин-қизнинг иш билан таъминланишига асосдир,-сўзида давом этади Нурали Боқиев.

Тикув фабрикаси ишчиси Шаҳруза Муҳиддинова ушбу корхонага ишга таклиф қилинганидан мамнунлигини билдирар экан, ўз хурсандчилигини сўзларда ифодалайди:

– Тикиш-бичиш ишларини илгаридан яхши кўраман. Меҳнат маҳсулимни кўрсам, кўнглим қувонади. Ўзим севган иш билан даромад топишим ва оиламга кўмаклашаётганим, оиламга даромад киритаётганим мени янада руҳлантиряпти. Бу ерда ҳамма шароитлар етарли. Самарали меҳнат қилсак, даромадимизга қўшимча ҳақ ҳам тўланади,-дейди.

Кейинги суҳбатдошимиз Мохичеҳра Пўлатова:

– Ҳар гал тикув цехига келганимда, ҳаётимдан мамнун бўламан. Маошлар етарли. Тушлик бепул. Қолаверса, ишчиларни олиб келиб-кетиш учун алоҳида машина ҳам ажратилган. Рўзғорни бут қилиш учун турмуш ўртоғимга кўмаклашай, дер эдиму, аммо ўзимга мос ишни тополмай юргандим. Фабрика ҳақида эшитгач, шу ерга иш сўраб келдим. Қабул қилишди. Тажрибали ишчиларга бириктиришди. Қисқа муддат ичида дастгоҳларни бошқариш сир-асрорини ўргандим. Шундай замонавий корхонада ишлаб, жамиятимизга, рўзғоримга фойдам тегаётганидан хурсандман. Энди болаларимнинг эртасидан ҳам кўнглим тўқ. Барча орзу-ҳавасларимизга етамиз, албатта,-дейди у.

Жамиятнинг бошқа цехлари мисолида фаолият юритаётган маҳаллий ёшлар ва маҳаллий аҳолининг иш билан таъминланиши масаласига қарайдиган бўлсак, ҳозирги вақтда жами 4300 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакати билан ҳамкорлик қилаётган ушбу жамиятда хорижликлар ҳам фаолият юритади.

– 5 йилдан “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс”да фаолият юритаман. Ўзбекистонда яшаяпманми, унинг нон-тузини еяяпманми, шунга яраша ризолик ва шукроналик ила ўзбек тилини ҳам мукаммал ўргандим. Мен учун ўзбек тили қадрдон тилга айланди. Корхонада ҳам, кўчада ҳам одамлар билан ўзбек тилида мулоқат қиламан,-дейди покистонлик ишчи Муҳаммад Суфян.

Муҳаммад Суфян сингари бошқа хорижий ишчилар ҳам корхонада талайгина экан. Улар билан ҳам учрашув қизғин мулоқотларга бой бўлди.

Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда баҳолиқудрат ҳисса қўшиб, ички ва ташқи бозорга маҳсулот етказиб бераётган, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда фаолиятини барқарор ташкил этиб келаётган Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” фуқароларни даромадли қилишда ибрат бўлаётган тадбиркорлик субъектларидан бири сифатида тилга олинади.

 

“Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” МЧЖи хайрли ишларга ҳам бош-қош бўлган. Олот туманида жамият томонидан 145 та оиланинг ҳар бирига Қозоғистон республикасидан келтирилган наслли қорамол тарқатилган. Оғир касаллик билан хасталанганларнинг тиббий муолажалар олишига яқиндан кўмаклашилган. Даромади паст оила фарзандларининг турли олийгоҳларда таҳсил олиши учун тўлов-шартномаси тўлаб берилган.

 

– Миллатимизга хос фазилатлилик – халққа хизмат қиламан, деган ҳар бир мақсад эгасини ниятига етказсин. Бир мурувватингни ўн қилиб, гўзал дуоларда қайтарадиган бу эл ортиғига муносиб. Шу боис, корхона томонидан амалга оширилган бу сифат ишлар борасида эмас, келгуси кадрлар ҳақида тўхталсам,-дейди корхона таъсисчиси Нурмуҳаммад Очилов,-айни пайтда корхона қошида бепул Дуал таълим тизими йўлга қўйилган. Бунда Бухоро муҳандислик ва технология институти ҳамда бир нечта касб-ҳунар коллежларининг талаба-ўқувчилари ушбу тизим орқали билимларини оширишмоқда. Ҳам амалиёт, ҳам назария, дегандек сабоқлар тажрибали устозлар томонидан олиб борилмоқда. Бу сайъ-ҳаракатлар эртага корхонамизнинг муносиб, ёш кадрлар билан таъминланишига туртки бўлади. Ёшлар – келажагимиз, эртамиз. Шунчаки ўқиб, амалиётдан йироқ бўлмасликлари лозим: илму амалиёти бўлмаган ёшдан фақатгина “робот” чиқади. Уларни бугун ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, билим ва кўникма ҳосил қилсак, бу энг сара натижа. Зеро, келажак учун роботлар эмас, элга елка тута оладиган билимли, тажрибадорлар керак!

 

Корхона таъсисчиси ҳар бир жиҳатга урғу берар экан, билим ва тажрибани илгари қўйишдан чарчамасди. Дарҳақиқат, билим гап кўп. Пахта хом ашёсидан тайёр маҳсулотгача бўлган ишлаб чиқаришни юқори даражада амалга ошириб, мамлакат тараққиётига қувват бўлиб келаётган корхона пойдевори ҳам айнан билимли ва тажрибали инсонлар ортидан равнақ топиб келаётганига яна бир карра амин бўлдик.

Лайло Ҳайитова