“Парвоз” минбари
Вақт тиним билмай ўтиб бормоқда.Ўз маъносида умр ўтяпти деган гап. Ҳар биримизда ва айнан сизда ҳам катта орзулар борлиги тайин.Аммо орзу бу нима? У болача ҳаёлот маҳсулотимас.Орзулар бизни ўша ўзимиз кутган буюк келажак сари етакловчи кучдир.
Албатта биз ўз орзу мақсадларимиз сари интиламиз.Аммо ҳаракатни бошлашга бугун вақтимиз йўқ. Хўш,унда биз нима билан бандмиз?У қандай юмуш эканки энг катта орзуйимиздан ҳам устун? Баъзан алдамчи ҳислар ортидан қувиб, орзу мақсадларимиз ва айни ўзлигимиздан анча узоқлашиб кетганимизни сезмай қоламиз.”Ҳаётда ёлғон ишлатмаганман” дейдиган одамни топиш қийин. Аммо исталган ёлғон фойдадан кўра зиёнлиги исбот талаб қилмас фактдир.
Ўзидан гуноҳни соқит қилиш, бировни ишонтириш ёки “ўзини яхши киши қилиб кўрсатиш” хуллас исталган ёлғон бизни юксалишдан ортга суриб, разолат сари етаклайди. Сиз инсонлар билан мулоқотда ёлғондан фойдаланар экансиз, сизнинг жамоатчилик орасидаги ҳурматингиз юқори бўлмайди.
Беш дақиқа вақтингизни аямай ўйлаб кўринг. Бу ёлғонлар ниманинг маҳсули? Ундан сизга нима фойда? Ўша “фойда”сизни “сохта”киши бўлишингизга арзийдими? Шу ёлғон вазиятни ижобий тарафга ўзгартиради деб ўйлайсизми? ЙЎҚ!
Дунёдаги ҳар бир инсоннинг ечилмаган масалалари, муаммолари бўлади. Муаммо ва муваффақиятсизликларда ёт ғоялар, тушкунлик ва ёлғон ортига яшириниб ўз орзуларига етолмаслигини ўйлайдиган одам, иродаси суст инсондир.
Муаммо ва муваффақиятсизликлардан керакли хулосани чиқариб, ўз билим,тажриба ва шахсият кучини йўқотмаслик лозим. Айнан шу муаммо ва муваффақиятсизлик деб атайдиган ҳолатларимиз ҳам бизга кўп нарсани ўргатади.Токи сизни ўлдирмайдиган ҳар бир ҳолат сизни кучли қилади.
Ёмон ҳолатга тушганда сабабни атрофдан қидириш билан фақатгина ўз шахсиятингизни пастга тортасиз.
Балки ҳали ҳам “Мендагидек муаммо ҳали ҳеч кимда бўлмаган!”,”Менинг пешонам шўр”,”Нимагадир эришиш вақтим ҳали олдинда”деб йўлдан оздирувчи, бенаво ҳислар қуршовида баҳоналар қидириб югандирмиз?
Аммо… Кимни алдаймиз?
Суханбек ФАРМОНОВ