БУЮК КЕЛАЖАККА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ

Президент асари ўрганилмоқда

Мустақиллик ҳар бир миллат учун тенгсиз бахт, энг олий саодат. Унинг ҳар дақиқаси қадрли, ҳар куни асрларга татигулик. Бу муқаддас ва доруломон кунларга етмоқлик ҳеч қандай хазина билан ўлчаб бўлмайдиган бебаҳо бойликдир. Ўзбек халқи ҳам неча юз йиллардан буён қоронғулик пардасидан ёруғликка чиқиб, нурафшон ҳаётга қадам қўйди. Бугунги истиқлол ва мустабид тузум исканжасидаги ўтган даврларни кўз олдимизга келтириб, қиёсий таҳлил қиладиган бўлсак, истиқлол, нафақат, бизга ҳар томонлама эркинликни, балки миллий тараққиёт йўлимизни ҳам белгилаб берди.

Яқинда Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши йиғингоҳида  Президент Ислом Каримовнинг мустақиллигимизнинг 24 йиллиги арафасида “Ўзбекистон” нашриёти томонидан чоп этилган “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” асарининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда ўқитувчи ва мураббийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этишди. Бунда сўзга чиққанлар босиб ўтган истиқлол йилларини сарҳисоб қилиш, “Кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик?” деган қатъий савол билан ўзимизга мурожаат қилиш, мазкур ҳаётий иборанинг чуқур маъно-мазмунини теран англаш борасида фикр юритишди.

Бугун халқимизнинг турмуш даражаси, фаровон ҳаётининг ўсиб боришида, мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг жадал суръатларда илгарилаб бориши, шунингдек, демократик ислоҳотларнинг янада чуқурлашиб, энг олий мақсадимиз – озод ва обод, эркин ва фаровон ҳаёт қуришдек пировард мақсадимизнинг рўёбга чиқишида давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбек модели”нинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Мамлакатимизда жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтган тарихий ҳамда сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловларнинг очиқ ва ошкоралик, муқобиллик, тенглик ҳамда адолат принципларига мос ҳолда ўтганлиги, унда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Ислом Каримов сайловчиларнинг 90,39 фоиз овозига эга бўлганлиги юксак ишонч ҳамда халқимизнинг эртанги ёруғ кунга бўлган эътиборининг мустаҳкам кафолати бўлиб хизмат қилди.

Тадбир давомида коллеж ўқувчиларидан сайловда биринчи марта иштирок этган сайловчиларнинг сайлов участкаларига бориб эртанги кун учун овоз берганлиги борасидаги таассуротлари тингланди. Бу ёшларимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва жамият ҳаётига дахлдорлиги, шунингдек, уларда кучли фуқаролик позициясининг шаклланганлигидан далолат беради.

Асарда давлатимиз раҳбарининг қисқа – 2-3 ой мобайнида йигирмадан зиёд учрашув, анжуманлардаги маърузалари ҳамда интервьюларининг киритилганлиги китобнинг янада қимматини оширганлиги алоҳида таъкидланди.

Китобни варақлар экансиз, унинг ҳар бир жумласи юксак ҳарорат ва чуқур таҳлил асосида ёзилганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Асардан Мустақиллик, Сайлов – демократиянинг олий шакли, Тарих – бамисоли кўзгу, Аёл бахти, Кексалар – хонадонларимизнинг файзу фариштаси, Халқимизга тинчлик ва омонлик керак каби мавзуларнинг ўрин олганлиги, шунингдек, ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилганлигини инобатга оладиган бўлсак, унда ўзбек халқининг орзу-умидлари, интилишлари, мақсадлари, бир сўз билан айтганда буюк келажаги акс этган десак, ҳеч муболаға бўлмайди.

Мазкур асар бутун ҳаётимизни қамраб олган экан, уни Ўзбекистоннинг йўлчи юлдузи, деб аташ мумкин. Миллий тафаккуримиз хазинасига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшиладиган ушбу китоб мамлакатимиз ва халқимиз келажаги, унинг равнақини белгилаб берадиган муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

Президент Ислом Каримов мазкур янги асари барча жабҳаларда ўрганилиши давом этмоқда.

Дилшод ҲАКИМОВ,

Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши раиси.