“ИҚТИДОРИМИЗ, КУЧ ВА ШИЖОАТИМИЗ – ШУ ВАТАН УЧУН!”

Ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида камол топтириш, бугунги тинч ва осуда ҳаёт, фаровонлик халқимизга мустақиллик берган энг азиз туҳфа эканлигини ёшлар тафаккурига сингдириш, шунингдек, юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотларда фидокор ва ташаббускор, фаол ва иқтидорли ёшлар заҳмати ҳам беқиёслигини яна бир карра таъкидлаш мақсадида “Иқтидоримиз, куч ва шижоатимиз – шу Ватан учун!”  шиори остидаги фестиваль минглаб талаба ёшлар қалбидан ўрин олмоғига аминмиз.

Бугун мамлакатимизда ёшлар учун шарт-шароит ва имкониятлар, беқиёс ғамхўрликлар  ва катта эътибор туфайли улар меҳнат, маданият, спорт, санъат ва илм-фан соҳаларида ютуқларга эришиб, ўлкамиз келажаги йўлида ёниб яшашмоқда. Иқтидорли ва ташаббускор йигит-қизлар томонидан тақдим этилаётган барча лойиҳалар жамиятимиз ҳамда юртимиз равнақи учун ғоятда муҳим аҳамият касб этади. Шунга қарамасдан, ёшлар иқтидори ва ташаббусларини янада юксалтириш ҳамда уларни ҳал этиш масалаларига жиддий эътибор зарур. Шу маънода, фестиваль доирасида “Билимимиз, куч ва шижоатимиз шу Ватан учун!” шиори остидаги иқтидорли талаба-ёшлар билан вилоят ҳокимининг учрашувида ўртага ташланган масалалар юзасидан  ички имкониятлардан келиб чиқиб, уларни ҳал этишга киришиш, шунингдек, маҳаллий миқёсда ҳал этилиши қийин бўлган муаммоларнинг ечимини топиш борасида тегишли давлат идораларига аниқ таклифлар киритиш зарурлиги тавсиялари белгиланади.

Бундай учрашувларнинг аҳамияти шундаки, бу нафақат, ёшлар иқтидори ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, балки, ўз-ўзидан ёшлар орасидан етакчилик қобилиятига эга бўлган кадрлар захирасини мустаҳкамлаш имконини  беради ҳамда янги иш ўринларининг яратилишига ҳам туртки бўлади.

Таъкидлаш жоизки, талаба-ёшлар фестивали дастуридан ўрин олган спорт мусобақалари, “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови, шоиру ёзувчи, таниқли санъаткорлар билан учрашувлар ҳамда бошқа маданий-маънавий тадбирлар  ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятда бўладиган воқеликлардан хабардор этиш ва уларни юртимиз тақдирига бефарқ бўлмасликка чақириш, ўз келажаги йўлидаги интилиш ва изланишлари, жамоат ишларидаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш мақсадини илгари суради. Ва ёшларни сиёсий жараёнларда ҳам фаол бўлишга даъват этади.

Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, ёшлар орасига кириш, улар ичидан қобилиятли, фидоийларини топиш, уларнинг юрагини ёндириш керак. Демак, ёшлар орасига кириш – келажак маънавиятини юксалтириш борасидаги энг долзарб ислоҳотдир. Бу ислоҳотга “Камолот”  пойдевор бўлса, шубҳасиз.