“ТИНЧЛИК СОВҒА ҚИЛИНГ ДУНЁГА”

“Buxoro kitob olami” ҳамда “Buxoro yoshlari” газеталар Таҳририятлари ҳамкорлигида “Тинчлик совға қилинг дунёга!” расм ва шеърлар танлови ўтказилди.

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди томонидан “Жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантиришда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусида эълон қилинган Давлат гранти 6-танловида иштирок этиш учун “Биз буни уддалаймиз, Биз бунга қодирмиз!”номли лойиҳаси доирасидаги ушбу танлов Бухоро шаҳридаги 39-ИДУМда бўлиб ўтди.

Бугун дунёнинг турли бурчакларида уруш, очлик, зўравонлик сабаб минг-минглаб болажонларнинг ҳаёти таҳлика остида қолаётганини ижтимоий тармоқлар орқали кузатмоқдамиз.

Тарихдан маълумки, тинчликнинг бузилишида аксар ҳолларда бузғунчи ғоялари билан жамиятни диёнатдан узоқлаштирган кимсалар сабабчи бўлмоқда. Шунга кўра, ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, ўз юртимизда ҳам тинчлик барқарорлигини сақлаш ва кафтдеккина ҳисса қўшиш учун ҳаракат қилиши муҳим. Ёш авлод ҳам бундан ўрнак олиб, юксак манавиятли, дину-диёнатли, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбияланиб бориши зарур. Ушбу танлов болалар қалбига тинчлик уруғини янаям кўпроқ сепишга хизмат қилади.

Бугунги кунда одамлар орасидаги, нафақат, меҳр-оқибат ва самимият, балки хотиржамликнинг ҳам йўқолиб бораётгани гоҳда болаларга ҳам таъсир ўтказмай қўймайди. Гоҳида жамиятдаги айрим ечимсиз муаммолар сабаб кўчаларга чиқиб кетаётган ёки дунёнинг тўрт бурчида азобда қолаётган болаларни кўриб, ўзимизнинг тинчлигимизга шукроналик келтирамиз. Бу тадбир, нафақат, болаларни, балки, ҳамма, ҳаммани хотиржам кунларни қадрлашга даъват ҳам бўлиб хизмат қилса, шубҳасиз.

– Тинчлик, болалар шоду хуррамлигига етари йўқ. Танлов сабаб болалар дунёнинг турли давлатларида азият чекаётган болаларнинг қайғуларини яна бир карра ҳис этишди, тинчлик улуғ неъмат эканини теранроқ англашди, ўз ижодларида бутун дунёга тинчлик учун овоз бериш энг жарангдор ва тотли овоз эканини намоён этишди,-деди мактаб ўқитувчиси Ойдин Бозорова.

Дурдона Шуҳратова, Настарин Толибова, Матлаб Шуҳратова, Марям Гадоева, Кумуш Қодирова ҳамда Шабнам Шариповалар танлов ғолиби бўлишди.

“Тинчлик совға қилинг дунёга!” танловини оммалаштириш, мақсади кўламини кенгайтириш, башарти, болалар хавфсизлигини янада таъминлашга қаратиш учун тарғиботини кучайтириш муҳимдир. Болажонларимиз бирлашиб, дунёга, одамларга тинчликдек бебаҳо бойлик улашиш мақсадини кўзлаган катта карвонга эргашишсин.

 

Зулфизар Мавлонова