Шахмат – ақл гимнастикаси

– Мен шахмат ўйнаганда, худди энг мазмунли китоб ўқиётгандек мириқиб дам оламан. Ҳар бир “шоҳ” асарнинг кулминацион чўққиси мен учун,-дейди ақл гимнастикасида 1-ўринни эгаллаган вилоят  Божхона бошқармаси ходими Жўрабек Қурбонов. 

Дарҳақиқат, Бухоро шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят ёшлар ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ҳарбий қисм ва муассасалардаги ёш ҳарбий хизматчилар ўртасида ўтказилган “Шахмат” мусобақаси чинакам баҳслар майдонига айланди.

– Шахмат ўйини замирида санъат, мантиқ ҳамда ҳисоб илмлари жамланган. Шахмат интелектуал ўйинлар ичида энг мукаммали ҳисобланади. Мусобақадан мақсад ёш ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, шахмат мусобақасини оммалаштиришдан иборат,-деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти Кенгаши ҳарбий бўлим бошлиғи Яшин Каримов.

Шахмат мусобақасида ҳарбий қисм ва муассасалардаги 60 нафар ёш ҳарбий хизматчи ва ходимлар ўзаро беллашдилар. Баҳслар қизғин ва муросасиз кечди.

Мусобақа натижаларига кўра, 1-ўринни вилоят  вилоят Божхона бошқармаси ходими Жўрабек Қурбонов, 2-ўринни Мудофаа вазирлиги 28803 ҳарбий қисм муддатли ҳарбий хизматчиси, оддий аскар Ҳамрохўжа Собиров ҳамда 3-ўринни Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармаси ходими Наим Умиров қўлга киритди.

Ғолиблар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг диплом, медал ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.