“Тил билган-эл билади” деган мақол бугунги замонавий таълим ва иқтисодий ҳаётимизга жуда мос тушади. Бир қанча хорижий тилларни ўрганган ва уни амалда қўллай олган киши учун кўплаб эшиклар очиқ. Қолаверса, хорижий тилларни билган айниқса, инглиз тилида равон гапира олганлар давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда, уларга йўқори эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ҳар йили инглиз, немис, француз тиллари (хорижий тиллар) ўқитиладиган мактаблар ўртасида хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб танлови ўтказилади. Жорий йилги инглиз тили бўйича ташкил этилган танловда Бухоро туман 25-умумий ўрта мактаби жамоаси туман босқичида иккинчи ўринни эгаллаб, 75 млн сўм пул мукофотига сазовор бўлди. Жамоа иштирокчилари Умида Маликова, Маҳфуза Шарипова, Миразиз Қобилов, Анвар Қурбонов, Диёра Неъматова, Сабрина Сафарова ҳамда Ферангиз Раҳимовалар фаол қатнашишди.
– Мактабимизда ўқувчилар инглиз тилини ўзлаштиришига алоҳида эътибор қаратганмиз. Ҳар гал инглиз тили дарсида ўқитувчиларимиз ўқувчилар билан турли мусобақалар ва интерактив ўйинлар ташкил этишида. Шу билан бирга ўқувчиларнинг ўзининг ҳам тил ўрганишга бўлган қизиқиши ва интилиши баланд. Хорижий тил ўқитувчилари ҳам бунга жавобан турли осон йўллар ва янгиликлар билан дарсни ташкил этишга ҳаракат қилишади. Мана шундай меҳнатлар самарасини танлов натижасида кўриб турибмиз, – дейди мактаб директори Авазбек Шарипов.