“Қиз болани ўқиши шартмас” ми?                  ёҳуд балоғат остонасида орзулари завол топаётганлар

Ўғлим бу йил мактабни битирди. Орзулари бир олам. Чел элда ўқишни, дунё кезишни орзу қилади. 5 та йўналиш бўйича институтларга ҳужжат топширди. Ҳозир қаттиқ тайёрланяпти. Ахир, ҳадемай энг ҳаяжонли, келажаги учун муҳим бўлган имтиҳонлар бошланади.

Уларнинг синфида ўғил болалардан кўра ўқишга иштиёқи баланд, иқтидорли қизлар кўп эди. Бир-бири билан кимўзарга, рақобат муҳитида ўқишган. Аммо, 19 нафар ўқувчи қиздан атиги 2 нафари ўқишга топширишини эшитиб, ҳайрон бўлдим. “Қолганлар-чи?”, деб берган саволимга ўғлим елка қисди…

Ўғлим ўқиган мактаб Андижоннинг Эски шаҳар ҳудудида жойлашган. Ҳар қаердан кўчиб келган, замонавий ёш оилалардан фарқли ўлароқ, бу ерда туб маҳаллий аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуддаги оилаларнинг аксариятида қиз болани ўқитишмайди.

Оминахон:

“Ўқитганим билан менга нима фойдаси бор, барибир эрга бервораман-ку. Ўқиб, олим бўлармиди?! Мактабидан қутулиб олсин, узатамиз. Ҳамма сеп сидирғасини тайёр қилиб қўйганман. Кейин ўқитадими-ишлатадими, тушган оиласи ҳал қилсин!”

Фароғат:

“Аёл кишининг ўрни уйда, эри, болаларининг олдида. Кўчада юриб, ҳар хил ишларни кўради, ўзгаради. Қиз бола вояга етдими, эгасига топшириш керак. “Тенги чиқса – текинга бер”, деган гап бор. Дадасиям, акалариям рухсат бермайди ўқишга.

Ҳа, бу қизлари мактабни битираётган оналарнинг “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида кўришганимизда айтган гаплари.

Гендер тенглигини таъминлашда улкан олға силжишлар бўлаётганига қарамай, мамлакатимизда қизларнинг ўқишини ёқламайдиган, “қиз боланинг ўрни – фақат уйда, ошхонада” деб биладиган оилаларнинг кўплиги ачинарли. Бунинг бир қатор сабаблари бор, улар сирасига ижтимоий, маданий ва диний омиллар; қиз бола шаънини авайлаш, замондан қўрқиш, ҳеч кимга ишонмаслик, таълим харажатларини қоплай олмаслик, билим олишга имконият йўқлиги, қизининг узатилган хонадонида ишлашга рухсат бермаслиги мумкинлиги, эрта никоҳ ва бошқалар киради.

“Уйдагилар билан гаплашинг,

мен ҳам ўқишга кирай!”

Ҳар йили ўрта мактабларни юзлаб иқтидорли, орзулари бир олам бўлган ўқувчи қизлар битирадилар. Аммо, уларнинг ўндан биригина ўқишга кириш учун ҳаракат қилади, холос. Аччиқ бўлсада, буни тан олиш керак: кўпчилик қизларнинг ўқиш ҳақидаги орзулари армонлигича қолиб кетади.

Мухлиса, 17 ёш:

“Шеърият – дону дилим. Шеърий китоблар мутолаа қилишни яхши кўраман. Ўзим ҳам шеър машқ қилиб тураман. Ҳеч бўлмаса, она тили ва адабиёт муаллимаси бўлмоқчи эдим. Дадам рухсат бермадилар. Ўқишга кираётган тенгдошларимга жуда ҳавасим келаяпти. Опа, уйдагилар билан гаплашинг, ҳамма айтганларини қиламан, мениям ўқишимга рухсат беришсин!”

Шеър ёза олиш бахти ҳар кимга ҳам берилмаган. Бу – Оллоҳ томонидан инъом этилган иқтидор. Айримлар заррача иқтидори йўқ фарзандига бор имкониятларни яратиб бериб, уни қўллаб-қувватлайдилар. Ўқишга кириб олиши учун керак бўлса, миллионлаб пул сарфлайдилар. Аммо, “ўз ҳаракатим билан ўқишга кираман”, деб турган ёш ўсмирнинг руҳини синдириш бориб турган зўравонлик-ку.

Ота-она бўлиш боланинг устидан тўлиқ ҳукмронлик қилиш ҳуқуқини бермайди. Аммо, айрим ўзбек оилаларида бу нарса шарқона тарбия, миллий менталитет ниқоби билан ўралади. Фарзанд айниқса қиз бола бўлса, унга ҳамма нарсада таъқиқ қўйилади. Қиз бола ўқиш, истаган касбу ҳунарини танлаш, истаган жойига саёҳат қилиш ҳуқуқига эга эмас. Ва ҳатто ўзи танлаган инсон билан турмуш қуришга, севишга ҳам. Қонун таъқиқламаган нарсаларни Оила таъқиқлайди. Қиз бола ота томонидан, ака томонидан доимий назоратда ушланади.

Шоҳиста Юсупова, ўқитувчи:

“Кейинги йилларда ўзлигимизга эга бўлдик, анъаналаримиз, тилимиз, динимиз қайтди, диний чекловлар олиб ташланди. Аммо, диний эркинлик берилгани – хотин-қизларни барча ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, дегани эмас.

Айрим оилалар юқори синфга ўтгандан сўнг қизларини мактабга юбормай қўядилар. 30 нафар ўқувчи ўқийдиган синфда бор-йўғи 5-6 нафар бола ўтиради. Давоматни тиклаш учун уйма-уй юрамиз, ота-оналарга ялинамиз. Гўёки, фарзанди биз учун ўқиб берадигандек. Онани-ку кўндириш мумкиндир, аммо отасини кўндириш мушкул. Вояга етиб, кўзга кўриниб қолган қизини номаҳрам эркаклар билан бир синфда, яъни битта хонада ўқишини хоҳламасмиш. Мажбурий таълим бўлгани учунгина, ойда-йилда бир мактабга жўнатадилар. Қизларини ҳатто жисмоний тарбия дарсига қатнашдирмайдиган оталарни кўриб ҳайрон бўламан.Аммо, афсуски, бу борада қўлимдан ҳеч нарса келмайди”.

“Бўлиши мумкин эмас, ҳозир 21 аср-ку, бундай оилалар йўқ, бўлса ҳам жуда кам”, дейдиганлар ҳам топилади. Тўғри, бундайлар 35 миллионлик мамлакат аҳолисига нисбатан жуда кам миқдорни ташкил этар, балки. Бироқ, томчи йиғилиб дарёга айланганидек, бу ҳолатлар аста-секин кўпайиб бораётгани ташвишли ҳол.

Шу тахлит қизлар тушунчаси тор, фақат диний билимлар билангина чекланиб қолган ота-оналари истагининг қурбонига айланадилар. Ўқиш, келажагини йўлга қўйиш ўрнига эрта узатилиб кетадилар.

Касб танлаш борасида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин. Жуда кам ҳолларда қизлар ўз орзуларидаги касбни эгаллайдилар. Шунда ҳам бу оила ўта замонавий, ўқимишли бўлса. Шунинг учун ўзбек қизлари орасида элчи, стюардесса, милиционер, учувчи аёллар жуда кам.