Ёшлар билан ўтказилаётган тадбирлардан бирида ёши кексароқ одам сўзга чиқди-ю, саломлашув одоби ҳақида сўз бошлади. Шунда тадбирда тўпланган айрим ёшлар юзларини буриштириб, лабларини чуччайтириб: “Ҳарқалай, энди саломлашиш одобини ўргатишмагани қолганди. Гўёки бу ерда адабсиз ёшлар йиғилган”,-дейишди бир-бирларига қараб. Буни сўзга чиққан отахон сезгандек бўлди-ю: “Йўқ, болаларим, саломлашиш адабини ҳамма билади. Мен бир-бири билан саломлашувнинг ҳикматлари ҳақида сўзламоқчиман”,-деди мийиғида кулиб.
“Инсоннинг бир-бири билан саломлашишининг ўзи инсонийликдан дарак. Бу инсонийлик замирида бир-бирига саломатлик, ҳотиржамлик ва тинчлик тилаш мақсади ётибди. Бундан кўринадики, тинчлик инсоният учун бебаҳо бойлик, тенгсиз неъмат. Тинчлик учун дахлдор бўлиш эса яратганнинг марҳаматига сазовор бўлишга хизмат қилади. Бироқ, бугунги замонда ҳам тинчликка раҳна солишни мақсад қилиб, одамларнинг оромини бузиб, шунинг ортидан вайронкорликларга бел боғлаган кучлар ҳам кам эмас. Гўёки, одамларни ғафлат уйқусидан уйғотиб, уларни шариат мезонларига амал қилишга чорлаб, Ислом дини ривожини таъминламоқчи бўлган кимсаларнинг ҳатти-ҳаракатлари кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Уларнинг ҳатти-ҳаркатлари мусулмонларни бир-бирларига қарши қўйиб, аслида чўнтак қаппайтириш, қурол-яроқ ва одам савдоси, гиёҳфурушлик каби жирканч мақсадларини амалга ошириш йўлидаги бир баҳона, холос. Модомики, тинчлик дунёдаги барча халқлар учун энг бебаҳо неъмат экан, унга нисбатан ҳар бир соғлом фикрли инсон курашмоғи лозим. Ҳатто, етти ёт бегона бўлсин, шунчаки одамлар бир-бирларини кўрганда, саломатлик ва хотиржамлик тилаб, саломлашишнинг ўзи ҳам қалбда илиқлик, оқибат уруғини сочади. Илиқлиқ, оқибат бор жойда хунрезлик, қуролбозлик бўлмайди Ягона йўл – жаҳолатга қарши маърифат йўли билан курашиб, доимо огоҳ бўлишдир”,-деди отахон дол қаддини букиб, минбарга суянганча. Залда бир муддат сукут чўмди.
Шунда суҳбат аввалида “саломлашиш одобини ўргатишмагани қолганди”,-дея отахоннинг чиқишидан гўёки аччиқланган ёшлардан бири сергаклик билан ўрнидан турди-да, минбар олдига келиб: “Ассалому алайкум, отахон. Биз ҳам тинчлик тарафдоримиз!”-дея унинг қўлларидан ушлаб, аста етаклади.
Гулдурос қарсаклар чалинди. “Ассалому алайкум, ваалайкум ассалом!” сўзлари тўпланганларни тўлқинлатириб юборди…