Ўз болангни ўзинг асра!
Бугун интернет тармоқлари ёки оммавий ахборот воситалари орқали турли қўпорувчилик, террористик, экстремистик ҳаракатлар содир этилгани ҳақида эшитиб қоламиз. Тинч ва осойишта умргузаронлик қилаётган инсонларга қирғин солиш, уларнинг моли, жонига таҳдид қилиш, албатта, хунрезликдан бошқа иш эмас. Аммо, бундай нобакорликларни муқаддас ислом дини номи билан боғлашлари ҳар бир мусулмон инсоннинг нафратини қўзғатади. Асл мақсади моддий наф кўриш, гуноҳи кабирага қўл уриб бўлса-да, бойлик орттириш истагидаги ғаламислар эътиқоди мўрт ёшларни ўз домига тортаётгани ҳам бор гап. Энг ачинарлиси, ғўр ёшларни сохта даъволар билан авраётган кимсалар уларнинг қўлига қурол бериб, бегуноҳларга зулм қилиш ва даҳшат солишга ундамоқда. Балки, ўз жонларини ҳам аямай, бузғунчиликни касб этган кимсаларга садоқат кўрсатишга ундамоқда. “Ўз жонингни фидо қилиб, ислом динининг ривожига ҳисса қўш”, “Ўз жонингдан кечиб урушга кир ва шаҳид бўл!” сингари алдовларга учиб, умри ҳазон бўлганлар ҳам афсуски йўқ эмас.
Аслида, инсон боласига ўзганинг ҳам, ўзининг ҳам жонига қасд қилиш буюрилмаган.
Айтиш ўринлики, бемаъни маслак учун, айниқса, жоҳилликка хизмат қиладиган иш учун ўз жонига қасд қилиш хоинликдир. Аслида эса, ўз юртига, туз тотган дастурхони, вояга етказган ота-онасига қарши бориб, сохта даъво қилувчиларга эргашишнинг ўзи ҳам катта гуноҳ ва хоинликдир. Хоинлар эса ҳеч вақт кечирилмаган.
Албатта, тарбия насиҳат билан! Хонадонда вояга етаётган фарзандларнинг фақатгина моддий эҳтиёжларини таъминлаб, уларнинг қалби билан ўртоқлашмаган, дилида кечаётганлари билан қизиқмаган, орзу ва истаклари билан ҳисоблашиб, ўз ҳаётий тажрибаси билан ўртоқлашмаган инсон қаттиқ адашади. Ҳолбуки, тарбияга вақт топилмас экан, бунинг учун атай вақт ажратадиган, ўз домига тортиб кетишга шай турган қора кучлар бисёрдир.
Президентимизнинг “Ўз болангни ўзинг асра!” шиори остида ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратишга чақираётганлари ҳам аслида ана шундай хавфу-хатардан ҳимояланишни назарда тутади. Зотан, огоҳ бўлиш ва огоҳ этишнинг энг самарали усули барчанинг энг биринчи қадамни хонадонида ташлашидир.
Фарзанди, оила аъзолари, қавму-қариндошидан огоҳ бўлган, уларга тўғри йўл кўрсатган инсонгина тинчлик ва хотиржамлик учун катта ҳисса қўшган одамдир.
Гулруҳ Сирлибоева