“Болали уйнинг бекаси бўлиш ҳам катта бахтдир…”

Азиз, аёллар! Бухоронинг қўли енгил, ҳар бир беморига тенг эътиборли акушер-гникологи Динара Ахмедова билан суҳбат уюштирдик. Мазкур кичик суҳбатимиз сиз учун фойдали бўлишига ишонамиз!

1. Соҳада неча йилдан буён фаолият юритасиз?

Мана 9 йилдирки, ўз соҳамда фаолият юритаман. Гниколог сифатида аёллар ва қизлар саломатлигини таъминлашни ўз вазифам ва масъулиятим, деб биламан. Уларнинг шикоятини тинглагач, аввало, касалликнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганаман. Шунга қараб, даволаш ишларини бошлайман.

2. Бугунги кунда аёллар кўпроқ нимадан шикоят қилишмоқда?

Аёллар асосан камқонликдан, бош айланиши, қон босимининг ўзгариб туришидан шикоят қилишади. Бунга сабаб қилиб фақатгина, яхши овқатланмаслигу витаминлар етишмаслигини келтиролмаймиз. Чунки ҳозирги кунда экологиянинг ўзгариши, атмосферада машиналар тутуни кўпайиб бораётгани ва бунинг натижасида танага етарлича кислород етиб бормаётгани ушбу касаллик омили бўлиб қолмоқда.
Шунга кўра кўкатлар: кашнич, шивит, салат барги ҳамда карамдан кўпроқистеъмол қилишни тавсия қиламан. Бу маҳсулотлар кислородга бой ва ҳавони филтрлаш хусусиятига эга.

3. Ҳомиладорлик давридаги аёлларга қандай ёрдам кўрсатилмоқда?

Ҳомиладорлик илк даврларида ҳали шаклланиб улгурмаган боланингона қорнида мустаҳкам ўрнашиб олиши учун турли дори-дармонларни маслаҳат берсак, кейинги босқичларида унинг ўсиши ва онадаги ўзгаришларга қараб тавсиялар берасиз. Бу жараёнда боланинг ривожланаётганию тўғри ўсиши доимий назорат остида бўлади.
Айрим аёлларда ҳомиладорликнинг дастлабки кунларидаёқ кўнгил айниши бошланади. Бу ҳолат баъзи ҳомиладорларда фақат эрталаб, уйқудан турган пайтларида юз берса, бошқаларида бу ҳолат кун бўйи давом этиши мумкин.

4. Ҳомиладор аёлларнинг иммун тизимини яхшилаш учун нималарга эътибор қаратиш керак?

Иммун тизими асосан табиий озик овкатлар, ҳўл ва қуруқ мева, сабзавотлар оркали таьминланади. Ёрдамчи,қонни кўпайтирувчи ва кислородга тўйинтирувчи маҳсулотлар истеъмоли, дорилар билан тиббий ёрдам беришга харакат киламиз.

5. Бола соғлом туғулиши учун она нималарга риоя қилиши керак?
Она соғлом бўлсагина, ундан жисмоний ва ақлий жиҳатдан соғлом фарзанд дунёга келади. Демак,она биринчи навбатда соғлом турмуш тарзига амал қилиши керак. Кўп асабийлашиш, руҳан сиқилиш болага қаттиқ таъсир қилади. Бундай ҳолатда она асабларини жиловлай олиш лозим.

6. Аёлларнинг жисмонан соғлом бўлиши руҳий саломатлигига қанчалик боғлиқ?
Бу саволга бир сўз билан жавоб беришим мумкин: рухий соғлом инсонгина жисмонан куч топа олади.

7. Чақалоқ турли ҳолатда масалан, оёғи, қўли ёки бели билан туғулиши мумкин. Бу муаммони илгаридан олдини олишнинг иложи борми?

Баъзан шундай ҳолатларга ҳам дуч келамиз. Аммо она қорнида бола ҳолатини ўзгартира олмаймиз. Бироқ кўп хавотирга ҳам ўрин йўқ. Бугунги кунда тиббиёт соҳасини яхши ривожланмоқда.

Шу жиҳатдан ҳомилага зарарсиз холатдаги туғруқлар амалга оширилмокда. Лекин ҳар қандай вақтда ҳомилани асраган маъқул.
Фарзанд ҳаётни ширин қилади. Болали уйнинг бекаси бўлиш ҳам катта бахтдир. Мен барча аёлларга она бўлиш бахтига сазовор бўлишлигини тилаб қоламан. Қолаверса, ҳомиладорлик аёлларимизнинг қироличалик даври деб хисоблайман.

Суҳбатлашди: Зулфизар