ОНАЛАРИ ЭЪЗОЗДА,  ФАРЗАНДЛАРИ ҒАМХЎРЛИКДА БЎЛГАН ЮРТ

Бухоро шаҳар марказида жойлашган, байрамона безатилган “Sahid Zarafshon” меҳмонхонаси ташабббуси билан вилоятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ҳамда “Темир дафтарга” киритилган оилалар фарзандларининг 54 нафарига хайрия-суннат тўйи дастурхони ёзилди. 
Давра болажонлар ва уларнинг яқин қариндошларининг завқли ўйин-кулгилари билан янада файзиёб бўлди.  

Меҳмонхона раҳбари Насриддин Рашидов инсон манфаатлари амалда қадр топган ва болажонлари эъзозланган мамлакатимизда тўй болаларга Ватан корига ярайдиган камарбаста инсонлар бўлиб етишларини тилади.

Тўйболаларнинг ҳар бирига қимматбаҳо совғалар, ширинликлар,  бош-оёқ сарполар топширилди. 

Вилоят Маданият бошқармаси томонидан бир қатор хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар, “Қўғирчоқ” театри актёрлари томонидан тайёрланган эртак қаҳрамонлари иштирокидаги қувноқ томошалар даврага байрамона файз ва шукуҳ бағишлади.

Айниқса, даврага кичкинтойларнинг севимли эртак қаҳрамонлари  чиқишлари тўйболаларга янада завқ улашди.

– Катта бўлсам, мен ҳам катта тадбиркор бўламан, кўп пул топаман, ўшанда мен ҳам барча болаларга тўй қилиб бераман,-деган кўзлари севинчдан порлаб турган 7 ёшли Муҳаммадали.

– Вилоятнинг қарийб барча ҳудудларида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Танти тадбиркорлар ҳамда саховатпеша ҳомийларнинг ўзлари бундай савобли ишларга бош бўлишни истаб, таклифлар билан чиқишаётгани юзлаб болажонлар қалбига, қолаверса, узоқ йиллар тўй қилишни орзу қилган, аммо имкон топа олмаган ота-оналаримизга ҳам хурсандчилик улашди,-деди вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев.

Тадбирда меҳнат фахрийлари, диний идора ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

– Уйга келиб, “Ўғлингизни суннат тўйини ўтказиб берамиз, дейишганида аввалига ишонмадим. Яна Бухоро шаҳридаги нуфузли меҳмонхоналардан бирида. Йўқ, рост экан. Йиғлаб юбордим. Биттагина тўй дастурхонидаги ноз-неъматларни ҳисоблаб кўришга тушдим. Биргина даструхоннинг ўзига қарийб, 2-3 миллион сарфланган. Бизга шодлик улашган ҳуқуматимизга, қўли очиқ тадбиркорларимизга ташаккур билдирамиз. Аллоҳ янада зиёда қилсин! Оналари эъзозда, фарзандлари ғамхўрликда бўлган юрт фуқароси эканимдан фахрланаман,-дейди Ромитан туманида истиқомат қилувчи Дилноза Умарова қувонч кўз ёшларини яширолмай.

“BYO”