Доим яхши гумонда бўлинг!

Бир аёл деди:
“Худо хоҳласа, мен албатта, солиҳ инсонга турмушга чиқаман! У билан бахтли ҳаёт кечираман”. Айтгани бўлди.
Деди:
” Мен университетда ўқишга қабул қилинишимга ишонаман ва шунга интиламан! Ўзим истаган мутахассисликга кираман!”. Айтгани бўлди.
Унга дедилар:
“Етар шунча туққанинг! Болалар чарчатишдан бошқасига ярашмайди”.
Деди:
” Аллоҳ ёрдам беради. Фарзандларим қобил, кўзимнинг қувончи бўлишади”. Айтгани бўлди.
Эри катта туҳматга қолиб қамалди. Дедилар:
“Эринг туҳматга қолиб қамалди. Яқин орада чиқмаса керак. Унинг фақат ўлиги чиқади”.
Деди:
” Йўқ, Худо хоҳласа, албатта, чиқадилар. Мен уларни жуда ҳам чиройли кутиб оламан”. Айтгани бўлди. Эрининг қандай чиққани ҳаммани ҳайратда қолдирди.
Бир киши деди:
“Мен ишдан ҳайдалишдан қўрқаман. Шунинг учун ишсиз қоладиган кунларимга ҳам пул йиғмоғим керак!”. Айтгани бўлди. Ишдан бўшатилди.
Нимага бизнинг айтганларимиз рўёбга чиқади?
Чунки Аллоҳ таоло:” Бандам Мени қандай ўйласа, шундайман!”дейди. Агар Аллоҳ ҳақида чиройли гумон қилса, ўзига яхши. Ёмон ўйласа, ўзига ёмон.
Шунинг учун ҳам Мусо алайҳиссалом денгизга келиб, қочишга йўл қолмаганда ҳам Роббилари ҳақида чиройли гумон қилдилар. Қавмлари: “Энди қўлга тушдик”дейишса ҳам, улар: “Йўқ! Албатта, Роббим мен билан, У менга тўғри йўлни кўрсатур” дедилар. Аллоҳ уларнинг айтганларини рўёбга чиқарди. Ақл бовар қилмас ҳолда денгиз қоқ иккига бўлинди. Йўл очилди.
Ҳатто арзимас нарсалар ҳақида гапириш, ўйлашда ҳам диққат қилинг!
Доим некбин (оптимист) бўлинг! Аллоҳ ҳақида чиройли гумон қилинг! У – КАРИМ, РОҲИМ!
Ёмонлик ҳақида ўйламанг! Агар қийин вазиятга тушиб қолсангиз, Мусо алайҳиссалом айтганларидек:
“Йўқ! Албатта, Роббим мен билан, У менга тўғри йўлни кўрсатур”, деб айтинг.

🔺@by_gazetasi