ТИЛИНГ БИЛАН ЮРМА!

Бугун кун кечагидан ҳам роса қиздирди. Одамнинг ичини ёндираман,-дейди нуқул. Ҳали соат энди 9 бўлишига қарамасдан, одамлар тезроқ юмушларини битириб ўзини пана-панага уришмоқда. Ўзимча, бугун ишга роса кеч қолдим.

Устозимдан дакки эшитишим турган гап,- дея ўйлаб қадамимни тезлатдим.
Айланма йўлдан ўтиб, Ёшлар марказининг ҳовлисидаги йўлакчадан шоша-пиша ўтиб борар эканман, мендан сал нарида юриб бораётган ёшгина жувон ва адашмасам энди 3 ёшга тўлган қизалоғининг суҳбати бехосдан қулоғимга чалинди.
– Ойи, оёқларим иссиқда қизиб кетди. Бироз оёғим билан, бироз қўлим билан юрсам майлими?- дея онасининг этагидан тортиб эркалана бошлади. Аёл қизалоғига қараб, тезроқ юрақол,-дея имо қилишига қарамасдан, ойисининг гапларига парво қилгиси ҳам келмади. Турган жойида қўзғалмасдан, ғинший бошлади. Жувоннинг юз ифодасидан асаби қўзигани яққол кўриниб турар эди. Шундай бўлишига қарамасдан у жилмайганча, қизалоғини даст кўтариб олди.
– Муниса, майли гоҳ қўлинг билан, гоҳ оёғинг билан юришингга қарши эмасман. Лекин қизалоғим ҳеч қачон тилинг билан юришга одатланма. Бу яхшилликка олиб келмайди!
Бирдан тўхтадим. Кўринишидан оддий қишлоқ аёлидек туюлган бу жувоннинг гаплари менга қаттиқ таъсир қилди. Аёлнинг гапларида жон бор эди. Зинадан юқорилаб борар эканман, аёлнинг юз ифодаси кўз олдимдан сира кетмас эди.

Раҳима Атоева, БУХ ДУ талабаси, “BYO” амалиётчиси.