Тил инсоннинг маънавий қиёфасини англатади

Дарахтни кессалар унинг илдизидан бир шохча кўкариб, унинг ўрнини босади. Танадаги қилич ва ўқ яраси ҳам битиб кетади. Лекин тил яраси ҳеч вақт тузалмайди.

Қалбга санчилган сўз ўқини чиқариб бўлмайди. Бадан заҳардан, қалб ёмон сўздан ўлади. Чунки сўз қиличи темир шамширдан ҳам ўткирроқдир…
Сўзлар – инсон ўзлигининг ифодасидир. Кичик новда катта дарахтлар тагида яширингани каби, кишиларнинг асл кўриниши сўзларда кўринмай қолади.

ТОҲИР МАЛИК

Инсон қалб кечинмаларини сўзларида, тилида акс эттиради. Ҳазрат Алишер Навоий “Тилга эътибор – элга эътибор” деб бежиз айтмаганлар. Бирор-бир тилнинг жаҳон миқёсида кенг тарқалиши, халқаро йиғин, анжуман минбарларидан янграши, шу тил устувор бўлган давлатнинг юксак мақомидан далолат беради. Истиқлол даврида ўзбек тилига нафақат она Ватанимизда, шунингдек, жаҳон миқёсида эътибор кучайгани қувонарли ҳолдир, албатта. Америка Қўшма Штатлари, Германия, Япония, Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатларнинг филолог мутахассислари юртимизга келиб ўзбек тили ва адабиётига оид қадимий ҳамда замонавий манбаларни ўрганиши, шу соҳаларда тадқиқотлар яратиб, ўз мамлакатларида чоп эьттириб, илм аҳлини она тилимизнинг, адабиётимизнинг юксак ютуқлари билан илм аҳлини баҳраманд этиши қалбимизни фахр туйғуларига тўлдиради.
Юқорида қайд этилган ютуқлар билан ҳар қанча ифтихор қилсақ, арзийди. Аммо бу каби муваффақиятлар она тилимизни янада ривожлантириш, уни дунё жамоатчилигига янада кўпроқ таништириш борасида муаммолар, камчиликлар йўқ дегани эмас. Айрим ташкилот ва корхоналарда давлат тилида иш юритишга лоқайд қаралаётгани, тилимизга сўнгги ўн йилликларда шитоб билан кириб келаётган хорижий сўзлар, атамаларни тартибга солиш, улардан фойдаланишни меъёрлаштириш, лозим бўлганда уларнинг миллий тилимиздаги муқобилларига алмаштириш ҳозирги давримизнинг долзарб муаммолари қаторига киради.
Муҳтарам Президентимизнинг ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилишининг ўттиз йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони биринчи галда ана шу каби муаммо ва нуқсонларни тўла-тўкис бартараф этишга бағишланган.
Бу тарихий Фармонда кўрсатилганидек, ҳар йилнинг 21 октябри “Ўзбек тили байрами куни” сифатида кенг нишонланади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида ходимларининг умумий чекланган сони 9 та штат бирлигидан иборат Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Ушбу муассасага катта ваколатлар берилган бўлиб, у она тилимизнинг устувор мавқеини таъминлаш масалалари билан шуғулланади.
Фармонда қайд этилганидек, эндиликда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа соҳаларда  иш ҳужжатлари, йиғинлар она тилимизда олиб борилишига асосий эътибор қаратилади. Юқорида кўрсатиб ўтилган соҳалар мамлакат, давлат қурилмасининг энг муҳим тармоқлари ҳисобланиб, уларда муомала ва иш фаолиятининг давлат тилида олиб борилиши тилимизнинг мавқеини мустаҳкамлашда ғоят муҳим аҳамиятга эгадир.
Албатта, жаҳон нуфузли тиллари орасида муносиб ўрин тутган қадимий туркий тиллар оиласига кирувчи она тилимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бу тилнинг илмий ва адабий тил даражасида камолга етишида дастлабки жиддий қадам, албатта, ҳазрат Алишер Навоийнинг адабий ва илмий асарлари орқали қўйилгани ҳаммамизга маълум. Навоий ўзининг тилшунослик ва адабиётшуносликка бағишланган “Мезон-ул-авзон” (“Вазнлар ўлчови” ) асарида ўзбек тилининг лексик-семантик жиҳатдан бойлиги, латофати ва жозибадорлигини илк маротаба илмий жиҳатдан факт ва далиллар асосида исботлаб берган эди. Буюк мутафаккир, жумладан, биргина форс-тожик тилидаги “гиря кардан” – “йиғламоқ” феълининг ҳолатига қараб йигирмага яқин синонимларини келтирадики, бу ўз вақтида араб ва форс тилларида ижод қилиб келаётган, ўзбек тилини саҳройи, қашшоқ, нозик инсоний туйғуларни ифодалашга қодир бўлмаган, адабий тил даражасига кўтарилишга нолойиқ тил деб менсимай келаётган ижодкорларга муносиб зарба бўлган эди. Ҳазрат Навоий бу илмий даъвосини амалиётда, яъни ўз ижодий асарлари орқали ҳам яққол исботлаб бергани бугун ҳеч кимга сир эмас. Зеро, ҳазрат Навоий ўз монументал асарлари билан ўзбек адабий тилини юксак мақомга олиб чиққунига қадар кўпгина туркигўй шоирлар ҳам асрлар давомида шаклланиб, такомилига етган араб ва форс-тожик адабий тилларида ижод қилиб келар эдилар. Бугунги кунда бухоролик шоир Субҳоний ушбу тарихий ҳолатни “Боболарим форсийда шеър битмиш, нечукким туркийнинг ўзи – шеър” дея кинояли эслаб ўтади.
Тарихан ана шундай обрў-эътибор ва нуфузга эга бўлган тилимизнинг бугунги аҳволи қандай, айниқса ёш авлоднинг адабий тилга муносабати, ўзаро сўзлашув маданияти қай аҳволда? Афсуски, муомала-муносабатлар гувоҳи бўлиб, радио ва телевидение орқали берилаётган айрим эшиттириш ва кўрсатувларни кўриб, бу борада ҳали мақтанишимизга эрта экан, деб қўясан киши. Эшиттириш ва кўрсатувлар у ёқда турсин, ҳатто айрим кинофильмларда ҳам қаҳрамонлар бемалол маҳаллий шевада гапираверадилар. Тўғри, баъзи ҳолларда адабиёт ва санъат қонун-қоидаси талабига биноан айрим кино қаҳрамонларининг ички ҳолати, маҳаллий хусусиятларини очиш мақсадида улар ўзи туғилиб ўсган вилоят шевасида гапиртирилади. Бу ижодий усул айни муддао. Аммо барча кино қаҳрамонлари биргина шевада гапирса, буни кўрган ёш авлод ҳақиқий адабий тил шу экан-да, деб ўйламайдими?
Ўсиб келаятган ёшларимизни кўп кузатаман ва улар билан ҳамсуҳбат бўлганимда улардаги шошқалоқлик,ўзбек тилини бузиб, ҳар хил тилларни қўшиб гапиришларини кўриб афсусланаман, она тилимиз тўғрисида тўлиқ таълим берилмаятгандир ёким, улар устозларидан эшитган ўзбек тилидаги чиройли сўзларни қунт билан ўрганишмаяптимикан деб ўйлайман.
Ҳазрат Навоий-нинг “Тилга эътибор – элга эътибор” ўгити шунчаки қанотли сўз ё ибора эмас, балки замирида чуқур ижтимоий маъно ётган буюк бир танбеҳ ҳам эканлигини энди-энди англаб етаяпмиз. Тил модомики миллат кўзгуси экан, биз шу кўзгуга қараб ўзимизни тузатиб олишимиз лозим бўлади. Шундан кейингина кўзгудан ўпкаланмаймиз. “Инсон қалби билан ҳазиллашманг сиз, унда миллат яшар, унда тил яшар” дейди атоқли шоир Абдулла Орипов. Бинобарин, инсон қалби инъикоси бўлган тил билан ҳам ҳазиллашмайлик.

Гулнора Самиева,
вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи