Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, дунё бозорига фаол кириб бораётгани, барча соҳаларда халқаро ҳамкорлик кенгаётгани хорижий тилларни билишга эҳтиёжни оширмоқда.
Бугунги кунга келиб чет тиллари айниқса, инглиз тилини ўрганишга бўлган талаб ва қизиқиш шунчалик кучайдики, боғча ёшидаги болалардан бошлаб катта ёшдаги мутахассисларгача тил ўрганишга ҳаракат сезиларли ошди. Бу ижобий ҳолат албатта, чунки, тил ўрганиш ўша тилда гаплашувчи давлатлар маданияти, тарихи ва урф одатларини ўрганиш билан бирга шахсий манфаатлар йўлида ҳам эшиклар очилишига замин яратади.
Бир неча йиллардан бери инглиз тилидан дарс бериб келаман ва шу давр оралиғида ўқувчилар томонидан энг тез-тез ва кўп бериладиган савол “Инглиз тилида қачон гаплашаман? “. Бу саволга жавоб бериш учун кўп жиҳатларга эътибор бериш талаб қилинади.
Аввало, ўрганувчи ёши, қизиқиши ва изчиллик асосида тил ўрганишга кундалик сарфлайдиган вақт миқдори, инглизча муҳит кабилар муҳим бўлса, фойдаланиладиган дарслик сифати, маҳоратли ва билимли ўқитувчи ва тил ўрганишдаги тўғри ёндашув усуллари кабиларнинг ҳам янги тил ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Баъзан, ўқувчилар тил ўрганишдаги қийинчиликларини шу тилда гаплашувчи чет давлатларида бўлишга шароитлари ёки инглизча гаплашадиган дўстлари йўқлиги билан боғлайдилар. Аслини олганда эса, ҳозирги технология ва интернет ривожланаётган даврда бу каби важлар ўринсиз деб ўйлайман. Ижтимоий тармоқларда хусусан facebook, twitter, telegram орқали онлайн дарслар олиш ёки Youtube va skype орқали видео дарслар ҳам тил ўрганишда жуда оммалашган ва қулай усуллардандир.
Тил ўргатувчи ўқув курсларининг ҳам ўрни беқиёс. Чунки, гуруҳдаги бошқа тил ўрганувчилар билан мақсадингиз бир ва шу йўлда бир-бирингиз билан инглизча мулоқот қилишингиз, маълумот алмашишингиз ёки рақобатбардош бўлишингиз мумкин. Тил ўрганишнинг инновацион усуллари борасида тажрибали тилшунослар ва полиглотлар (бир неча тилда гаплашувчилар) тавсияларидан фойдаланиб ва ўз шахсий тажрибамга таянган ҳолда қизиқарли дарс ташкиллаштиришга ҳаракат қиламан. Яқинда, 12 тилда гаплашувчи тилшунос ва таржимон, Беннй Луиснинг тил ўрганишдаги янгича ёндашуви менда катта қизиқиш уйғотди. У Италян тилини ўрганиш учун ўнлаб грамматика китобларини ўқиган, тил курсларига қатнаган ва кўплаб сўзлар ёдлаган лекин ҳаракатлари бесамар кетган. Шундан сўнг, “Тинглаш ва қайтариш” усули бўйича тил ўрганишни бошлаган. Бир йилдан сўнг эса Италян тилида бемалол сўзлашадиган даражага етган. Бошқа янги тилларни ўрганишда ҳам худди шу усулдан фойдаланади ва 3-4 ойда янги тилда мулоқот қиладиган даражага етади. Натижада, 12 тилда гаплашувчи тилшунос ва таржимон даражасига етади.
Унинг бу тил ўрганиш усулини шундай тушунтириш мумкин: бола тахминан 2-2,5 ёшга етгунча гапира олмайди; шу вақт давомида у сўз захира тўплайди. Ҳолбуки, болага грамматикадан дарс ўтилмайди ва қилган хатолари учун дашном берилмайди. У фақат атрофдагиларни тинглаш ва эшитганларини қайтариш ёки амалда қўллаш орқали ўз она тилини ўзлаштиради. Худди шу сингари катталар ҳам тинглаганларини такрорлаш орқали сўз бойликлари ошиб, гапиришни бошлайдилар. Энг муҳими, улар гапира олиш учун болалардек кўп муддат сарфламайдилар чунки, уларда тил ўрганиш кўникмаси бор ва бошқа тилларни ўрганиш янада осонлашиб бораверади. Янги тилда гапира олиш учун эса ҳамма сўзларни билиш муҳим эмас, ҳаттоки она тилимизда кўп сўзларни билмасак ҳам жуда яхши мулоқот қила оламиз. Инглиз тилини ўрганишни мақсад қилган инсон ўзи учун инглизча муҳит яратиши я’ни доимо инглизча тинглаб, ўқиб, ёзиб ва гапириши мақсадга эришишнинг энг самарали усулидир.
Кўпчилик инсонлар “Махсус тил курсларига борсам, албатта, чет тилини ўрганаман”, деб ўйлашади. Тўғрироғи, чет тили курсларини ўз мақсадларига эришишда масъул деб ўйлашади. Бу умуман нотўғри. “Унутманг, ҳар доим ўзингиз учун ўзингиз масъулсиз, ўқитувчи ўргатиши мумкин, аммо сабоқнинг 99 фоизи ўзингизга, 1 фоизи ўқитувчига боғлиқ” дейди Алишер Абсаломов ўзининг “Рус тилини ўрганишнинг самарали усуллари” китобида. Аслида, чет тили ўрганишда муҳим бўлган омиллар жуда кўп, лекин мен, ўрганувчи назорат ўрнатиши, ўзи ташкиллаштириши мумкин бўлган шароитдан келиб чиқиб ўзига боғлиқ бўлган омилларни санашга ҳаракат қилдим.
Юқорида, тил ўрганувчиларга мақсадларига эришишдаги баъзи асосий омиллар ҳақида гапириб ўтдим, энди эса чет тили ўрганишни мақсади йўлида охиригача бора олмаётган ёки бу борада муваффақиятга эришолмаётганларнинг бу борада йўл қўядиган баъзи бир хатоларини айтиб ўтмоқчиман.
Инсонлар доимо ўзлари учун қизиқарли ва ҳузурбахш машғулотлар билан шуғулланишга ҳаракат қиладилар ва ҳаттоки, вақт қанчалик тез ўтганини ҳам сезмай қоладилар. Агарда, янги тил ҳам кучли қизиқиш ва иштиёқ билан ўрганилса, мақсадга шунчалик тез ва осон етишиш мумкин. Биз эса, кўпинча бу жараённи мажбурият сифатида қабул қиламиз ва натижада, янги тил ўрганиш жараёни биз учун жуда зерикарли туюлади. Натижада, сиз учун зерикарли бўлган машғулотдан қочишга ёки камроқ вақт ажратишга мойиллик вужудга келади. Аксинча, ўзингиз қизиққан соҳа ёки мавзу бўйича янги ўрганаётган тилингиз орқали маълумот олишга, тинглашга, ёзишга ва гапиришга ҳаракат қилсангиз, бу жараён қанчалик қизиқ эканлигини сезишингиз мумкин. Мени тинглайдиган одам топилмаса, бу муаммо эмас, ойнага қараб ўзимга гапириб беришим мумкин (ғалати туюлиши мумкин лекин мақсадга эришиш учун ҳар қандай усул ёки воситадан фойдаланса арзийди) айниқса, ҳозирги смартфонлардаги диктофон ҳам бу борада жуда қўл келади. Нутқимда йўл қўяётган хатоларимни эшитиб кейинги гал шу хатоларни қайтармасликка ҳаракат қиламан.
Яна бир кўпчилик йўл қўядиган хатолардан бири, бу нореал мақсадларни олдига қўйиш. Айримлар иш, ўқиш туфайли янги тил ўрганишга кунига ярим ёки бир соат вақт ажратсаю, режа асосида эса икки ёки уч соатлик вақт белгиласа, кун охирига келиб улгуролмагани учун стресга тушиши ёки тил ўганишни бутунлай ташлаб қўйиши мумкин. Бу эса, узоқ муддатда ва секин бўлса ҳам умуман тўхтатиб қўйишдан ёки стресга тушиб фойдасиз асабийлашишдан кўра, ўз-ўзидан ўрганиб бўлса ҳам мақсадга эришишни фойдалироқ эканлигини кўрсатади. Шуни ҳам қўшимча қилмоқчи эдимки, яхши кайфият, ижобий ички руҳий кечинма ва яхши ҳордиқ ҳам чет тили ўрганишда катта аҳамиятга эгадир. Тони Робинснинг айтишича, “Энг яхши усул ва қоидалар ҳам муваффақиятнинг атиги 20 фоизини ташкил этади. Қолган 80 фоиз инсон психологиясига боғлиқдир”. Мутахассисларнинг эътироф этишича, ижобий руҳий ички кечинмани сақлаб қолиш ва шакллантириш тил ўрганишда қўлланиладиган усуллардан ҳам кучли ҳисобланади.
Яна бир турдаги ўқувчилар борки, улар юзлаб китобларни йиғиб оладилар, лекин амалда улардан деярли фойдаланмайдилар. Бундай ўқувчиларни, велосипед ёки машина сотиб олиб, унинг қисмларини, қандай ишлаши ва минишни ўрганмайдиган кишига ўхшатиш мумкин. Ҳар қандай китобдаги тавсиялар фақат амалда бажарилгандагина фойдали бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтишим мумкинки, янги тил ўрганиш – бу мажбурият эмас, севимли машғулот ёки ҳобби сифатида қаралса, уни ўрганиш шунчалик осонлашади.
Бу жараёнга қанчалик мослашиш ёки қизиқарли муҳитни яратиш кўпинча ўқувчининг ўзига боғлиқ. Зеро, интизом, масъулият ва сабрлилик ҳар қандай ютуқнинг пойдеворидир.
НИЛУФАР РЎЗИЕВА,
Бухоро Давлат университети
“Таржимашунослик ва лингводидактика”
кафедраси инглиз тили ўқитувчиси