Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев “Ўзбакон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ёшлар иттифоқи ва ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбарлари билан биргаликда туманнинг 3-сектори ҳудудида яшовчи 80 дан ортиқ ёшлар билан учрашув ўтказди.
“Ўзбакон” маҳалласидаги 34-мактаб биносида ўтказилган учрашувни Вобкент туман ҳокими Фарҳод Умаров ўзининг кириш сўзи билан очиб берди.
Шундан сўнг сўз олган Шухрат Алиев дастлаб, вилоят ҳамда туман ҳудудида вояга етмаган ва ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар юзасидан иштирокчиларга батафсил маълумот берди. Ҳар бир жиноятнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароит ва омилларни аниқ таҳлиллар асосида иштирокчилар эътиборига етказди ҳамда вояга етмаган ва ёшлар жиноятчилигига қарши курашиш, бу тоифа шахслар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасида маҳалла раисларининг ҳуқуқ-тартибот бўйича ўринбосарлари ва бошқа ҳамкор идоралар масъуллари билан биргаликда профилактик ишларни янада кучайтириш юзасидан ёшларга ўзининг таклиф ҳамда тавсиялари, мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмаларини берди.
Учрашувда Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев ёшлар билан суҳбатлашиб, ёшларга оид давлат сиёсати доирасида ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, иқтидорли ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб, ёшларни жисмонан бақувват, маънан етук, юксак интеллектуал салоҳиятли Ватан ҳимоячиси этиб тарбиялаш, ўзининг асосий вазифаси эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Мазкур учрашувда маҳаллада “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарига кирган ёшлар томонидан турли масалалардаги 60 дан ортиқ таклиф ҳамда тавсиялар ҳамда 10 дан ортиқ мурожаатлар ҳам қабул қилинди.
Қабул қилинган мурожаатлар кредит олиш, тикув машинаси олиш, қурилиш учун ер жой ажратиш, ишга жойлаштириш, бўйича ва бошқа масалаларда бўлди.
Мурожаатларнинг бир қанчаси жойида ижобий ҳал қилиниб, айримлари қўшимча ўрганиш учун ижрога қабул қилинди ва мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
@by_gazetasi