ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА…

Бухорода жорий йилнинг 27 апрель куни кечки пайтда бошланган кучли шамол ва ёғингарчилик вилоят ҳудудларига жуда катта талофат етказди. Айниқса, вилоятнинг чекка туманлари саналган Олот ва Қоракўл табиий офатдан кўпроқ азият чекди. 

Бироқ, эл бошига иш тушганда, ҳеч қачон ортга чекинмайдиган танти халқимиз саъй-ҳаракати, мутасадди раҳбарларнинг елкадош туриши, барча давлат ва нодавлат идора, ташкилотларнинг якдиллиги билан бугун икки туман яна қайта бунёд бўлмоқда.

Қайта қуриш ва қайта тиклаш жараёнларига Мудофаа вазирлиги харбий хизматчилари ҳам биринчилардан бўлиб ошиқди.

  • Табиий офатдан азият чеккан ҳудуддаги талофат кўрган бино ва аҳоли яшаш жойларини қайта тиклаш ва қайта қуриш ишларига мингга яқин ҳарбий хизматчиларни жалб этдик. Оилавий шифохона, мактаб, мактабгача таълим муассасалари, янги қурилган уйлар, бозорларнинг аянчли аҳволга келиб қолгани ҳаммамизни қайғуга солиб қўйди. Бундай пайтда елга елка тутиш, оғирини енгил қилиш учун фидоийлик кўрсатиш – бурчимиз,-дейди Бухоро горнизони бошлиғи, подполковник Дилшод Илҳомов.