БУХОРОДА ЕР ҚИМИРЛАШИ ҲАҚИДА АҲОЛИ ЎРТАСИДА ВАҲИМА УЙҒОТУВЧИ ХАБАРЛАРНИ ТАРҚАТГАН ШАХСЛАР АНИҚЛАНДИ

Бухоро вилоятининг Жондор тумани ҳудудида ер силкиниб, уй-жой ва одамларга талофат етиши мумкин экан, деган ваҳима уйғотувчи хабар тарқатиб, аҳолининг яшаш манзилидан чиқиб кетишга уринишига сабабчи бўлган шахслар аниқланди. Бу ҳақда  Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.Хабарга кўра, жорий йилнинг 29 апрель куни “Жондор туманида ер қимирлаши содир бўлади” деган кейинги норасмий хабар аҳоли ўртасида “Табиий офатлар кети узилмаяпти, манзилдан чиқиб кетиш керак” деган ваҳимани келтириб чиқарган.

Шу куни тонг саҳар соат 04:00 ларда Жондор тумани “Пўлоти” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Пўлоти” қишлоғида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар бу ваҳимага берилиб, оила аъзолари билан биргаликда яшаш манзилларини тарк этиб, тумандан чиқиб кетишга ҳаракат қилишган. Натижада жуда тез дақиқалар ичида қишлоқ ҳудудида саросима ва тартибсиз ҳолат юзага келган.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан туманда суриштирув ҳаракатлари олиб борилган. Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида аҳоли ўртасида вағима уйғотган шахслар аниқланган ва улар бу ҳатти-ҳаракатларидан пушаймон бўлиб, жондор аҳолисидан кечирим сўрашган.


Туманнинг Пўлоти қишлоғи фуқаролари Рустам Хўжақулов ҳамда Воҳид Равшановлар қўни-қўшниларни “ер қимирлайди” дея хавотирга солиб, уларнинг саросимада қолишига сабаб бўлган. Ўзи, оиласи ва фарзандлари ҳаётидан хавотирга тушган одамлар тумандан чиқиб кетишга уринишган. Аҳоли ўртасида ваҳима уйғотувчи хабарларни тарқатганлик учун эса жавобгарлик белгиланган,-деди  Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Қувват Ярашов.

Асоссиз ва ёлғон хабар тарқатган икки шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 54-моддаси (эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш)га асосан, маъмурий баённома расмийлаштирилган. Ушбуга мувофиқ, жавобгарликка тортилган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Эслатма: Жорий йилнинг 27 апрель куни Бухоро вилоятида содир бўлган кучли шамол ва ёғингарчилик оқибатлари вилоят аҳолисини ташвишга солган бир пайтда 28 апрель куни “Қоракўл ва Олот туманини сув босади” деган норасмий ва асоссиз хабар кўпчиликда ваҳима уйғотган эди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бундай ёлғон ҳабар тарқатган шахслар аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган эди.

@by_gazetasi