Бухорода “Ёш сайловчи -2019” ёшлар форуми бўлиб ўтди

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтади.

Мазкур сайловларда аҳолини энг асосийси, ёшларни бохабар қилиш мақсадида Марказий Сайлов комиссияси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан “Ёш сайловчи – 2019” форуми мамлакатимиз бўйлаб ўтказилиб келинмоқда.

Навбатдаги Форум Бухоро ёшлар марказида ташкил этилди.

Дастлаб, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Ҳамза Рўзиев сўзга чиқди.

— Бугунги шиддаткор давр, нафақат, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий соҳаларда, балки сиёсат майдонида ҳам катта бурилишларга сабаб бўлди. Бунга ҳар кун, ҳар соатда гувоҳмиз. Айниқса, давлатимизнинг сиёсий кучи сифатида майдонга тушган партиялар ҳам ижтимоий-сиёсий вазият тақозосига кўра, бир-бирига таъсирли, серқирра позициялар билан ёшлар ва аҳоли орасига кириб бормоқда. Энг долзарб вазифа – сайловчилар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ўз салмоғини топди. Энди эса олдимизда турган катта сиёсий жараённи умумэътироф этилган халқаро демократик стандартлар асосида ўтказиш кўп жиҳатдан Сиз, ёшларнинг сиёсий маданияти ва фаоллиги, фуқаролик бурчини чуқур англашига боғлиқ, – деди Бухоро вилоят ёшлар етакчиси ўз сўзида.

Сўнг ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Шарофиддин Хонимов сўз олиб, ёшлар билан сайлов қонунчилигидаги ўзгартиришлар, навбатдаги сайловларда яратилган имкониятлар хақида маълумот берди.

Сайловнинг мазмун-моҳиятини ёшларга турли ҳаётий воқеалар билан тушунтириб ўтди.  Ёшлар билан савол жавоблар қилинди.

Шу билан бирга, спикер сифатида Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказувчи 23 – Бухоро округ сайлов комиссияси раиси Қаҳрамон Турсунов иштирок этди.

Ёшлар Форумни кузатишар экан, бундай сиёсий жараёнларга қуруқ ташвиқот билан бирор натижага эришиб бўлмаслигига яна бир карра ишонч ҳосил қилишди. Ёшлар ўз фаоллиги, сиёсий жараёнларга иштироки, қолаверса, мавжуд партияларга бўлган муносабати, интилиши билан ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан сиёсий куч сифатида майдонга кўтарила олишади.

“Ёш сайловчи-2019” ёшлар Форуми ёшларнинг сиёсий жараёнларга муносиб ҳисса қўйишиши учун дарсхона вазифасини ўтай олди.

Маълумот ўрнида: Бухоро вилоятининг 1 197 655 нафар аҳолиси сайлаш ҳуқуқига эга бўлиб, улардан 331 111 нафари, яъни 27,65 % ни ёшлар ташкил этади. Шундан 61 588 нафари, ёки 5,14 % и биринчи маротаба овоз берадиган ёшлардан иборат.

Беҳзод Неъматов, 

Азамат Каттаев олган суратлар