Айни кунларда мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон Янги сайлов” шиори остида ўтказиладиган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
2019 йилнинг 26 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси тасдиқланди. Мазкур Сайлов кодексида, биринчидан, бугунга қадар тарқоқ ҳолда амал қилган сайлов тўғрисидаги ана шу қонун ҳужжатлари ўзаро уйғунлаштирилди. Иккинчидан, мазкур кодексни ишлаб чиқишда халқаро норма ва стандартлар талабларидан келиб чиқилди. Учинчидан, сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашувлар назарда тутилди.
Кодексдаги энг катта янгиликлардан бири бу – сиёсий майдон тўлиқ сиёсий партияларга берилганидир. Сайлов кодекси 18 боб, 103 моддадан иборат бўлиб, сайловларни ташкил этишда марказий сайлов комиссияси, сайлов округи, сайлов участкаси кабиларни ташкил этиш ва уларнинг ваколатларини ҳамда вазифаларини бўлиб беради. Аввалги қонунларда фақат Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган эди. Эндиликда барча сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга ошириши белгилаб қўйилди.
Кодексда сайлов жараёнини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш асослари қонунан мустаҳкамланганлигида намоён бўлади.
Сайлов кодекси юртимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу сиёсий жараённи юқори савияда ўтказишда муҳим ҳуқуқий асос бўлади. Юқорида қайд этганимиздек, бўлажак сайлов аввалги сайловлардан тубдан фарқ қилади. Бу жараён бошлангунича ҳар бир сайловчи ўз ҳуқуқларини чуқурроқ билиб борса, сайловнинг қонуний асосда ўтишига ҳисса қўшади.
Бобораҳим Ачилов,
Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судининг судьяси.