Бухоро ёшлар марказида Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлати ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳаларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон-Ҳиндистон Агробизнес форуми бўлиб ўтди. Форум Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва вилоят Савдо-саноат бошқармаси ва Ҳиндистон ҳамкорлигида ташкил этилди. Бухорога тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ўтказилган Форумга Гужарат бош вазири жаноб Вижай Рамниклал Рупани ҳамда Гужарат штати ишбилармонлари ташриф буюрди.
– Бухорода агроиқтисодиёт ва инвестиция салоҳиятининг ўсиб боришида халқаро форумлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Аграр соҳада вилоятда йилига 320 минг тонна пахта, 450 минг тонна ғалла, 2 минг тонна пилла, 1,2 миллион тонна мава-сабзавот ва 150 минг тоннадан зиёд полиз маҳсулотлари етиштирилади. Шунингдек, 240 минг тонна гўшт, 950 минг тонна сут, 4 минг тонна қўй жуни, 440 минг дона қоракўл тери, 7 минг тонна балиқ, 4,4 миллион бош парранда ва 436 миллион дона тухум каби маҳсулотлар етиштирилади ва тайёрланади. Бундан ташқари, вилоятимизда пахтани қайта ишлаш, енгил ва озиқ-овқат саноати, қурилиш саноати, нефт-газ саноати соҳалари яхши ривожланган. Демак, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ўзига хос тажрибага эга бўлган Ҳиндистон билан ҳам ҳамкорлигимиз муносиб натижа бериши, шубҳасиз,-деди Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев.
Бундан илгари ўтказилган Халқаро Форумлар натижасига кўра, “Бухоро-Агро” эркин иқтисодий зонасида 3,3 минг гектар ер майдонда замонавий технологиялар асосида иссиқхоналар қуриш ишлари бошланган. 1,0 минг гектарга яқин майдон 143 та лойиҳа бўйича 450 миллион доллар қийматидаги инвестицияларни йўналтириш мақсадида тадбиркорларга берилган. Бундан ташқари, Бухоро туманида Туркиянинг “Варнет” компанияси томонидан 100 миллион долларга яқин хорижий инвестиция йўналтирилган. 32 гектар ерда ойнаванд иссиқхона барпо этиш ишлари жадал давом этмоқда.
Айни пайтда Бухорода 200 дан ортиқ хорижий корхоналар мавжуд бўлиб, ҳиндистонлик инвесторлар иштирокида 10 га яқин қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда.
– Ушбу тадбирни жорий йилнинг январь ойида Гужарат штатининг Гандинагар шаҳри “Маҳатма Мандир” кўргазмалар мажмуасида ўтказилган “Жўшқин Гужарат – 2019” IX-халқаро инвестиция форумининг бевосита сифатида қабул қилиш мумкин. Бухоройи шарифда Ҳиндистоннинг “Орион Групп” компанияси инвесторлари 10,0 млн.доллардан кўпроқ тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига замонавий меҳмонхона қуришни бошлашганидан хабардорман. Менга, айниқса, “Бухоро-агро” ва “Ғиждувон” эркин иқтисодий зоналарида ҳамда “Бухоро Сити” мажмуасида бизнес лойиҳаларнинг амалга оширалаётгани, шунингдек, агробизнес, иссиқхоналар ва интенсив боғлар ташкил этишдаги сайъ-ҳаракатлар жуда маъқул бўлди. Мен Бухоро билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уни қайта ишлаш соҳасига инвестиция йўналтиришга таклиф киритмоқчиман,-деди гужаратлик фермер Житеш Пател.
Лайло Ҳайитова