БИР ТАН, БИР ЖОН БЎЛАЙЛИК!

Ватанпарварлик, фидойилик фақатгина байрамолди тадбирлар жараёнида кўзга ташланмаслиги керак. Бу хислат инсоннинг қон-қонига сингган бўлиши жоиз. Ахир, ўзинг туғилиб-ўсган юртни севиш, уни кўз қорачиғидай асраш барчамизнинг бурчимиз-ку! Халқ, давлат манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўйиш ҳам шулар жумласидандир Бухоро халқаро  аэропорти ДУКда “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бошланғич партия ташкилоти ташаббуси билан бўлиб ўтган тадбирда сўз худди шундай масалалар ҳақида борди.

Бу хақда O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши Матбуот хизмати маълум қилди.

Тадбирда Республика маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилоят бўлими раҳбари Марҳабо Пардаева, Бухоро халқаро  аэропорти ДУК директори, Олий Мажлис сенати аъзоси Тоҳир Баҳронов, O’zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Жасур Болтаевлар истиқлолнинг олий неъмат эканлиги, халқимиз бу фаровон кунларга осонликча етмаганини таъкидлашди.

Шунингдек, бугун барча соҳаларда ислоҳотлар олиб борилаётгани, жамиятимиздаги эзгу ишлар халқимиз фаровонлигига қаратилгани ҳақида сўз борди. Шаҳару қишлоқларимиз кундан-кунга обод бўлаётгани, юртдошларимиз учун яратилаётган қулайликлар бирма-бир санаб ўтилди. Барчамиз шу имкониятлардан оқилона фойдаланишимиз зарурлиги айтилди. Йиғилганларга партия ҳаётида қилинган ва қилинаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

Бундан ташқари, O’zLiDePга қабул қилинган 28 нафар аэропорт ходимларига аъзолик гувоҳномалари  топширилди.