Бухоро вилоят Ёшлар маркази биносида “Ёшлар келажагимиз” Жамғармаси Бухоро шаҳар филиали томонидан фаолиятнинг йиллик сарҳисоби ҳамда келакжакдаги режалари хусусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда жамғарма фаолияти, мақсад ва вазифалари юзасидан батафсил маълумот бериб ўтилди.
“Давлат дастури доирасида филиал томонидан тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларнинг билимларини ошириш мақсадида, тадбиркорлик лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ўқувлар ташкил этилди, – дейди Жамғарманинг Бухоро шаҳар филиали директори Шерзод Раҳмонов. Ўтган давр давомида “Тадбиркорлик сирлари”, “Бизнес режа тузиш”, “Тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш”, “Кредит ва солиқ сиёсати” каби мавзуларда 50 дан ортиқ бизнес семинарлар, 10 дан ортиқ бизнес саёҳатлар, савдо ва меҳнат ярмаркалари ўтказилди.
Маълум қилинишича, 2018 йилда Бухоро шаҳрида 24 та бизнес лойиҳага 5,573 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали 364 та янги иш ўрни яратилиши белгиланди.
Йил якунида эса, 16 та бизнес лойиҳага 3,152 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, 183 та янги иш ўрни яратилишига эришилди.
“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси томонидан 2019 йилда Бухоро шаҳрида 37 та бизнес лойиҳага 11,508 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали 357 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.
Ҳозирги кунга эса 10 та бизнес лойиҳага 2,967 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, 96 та янги иш ўрни яратилди.
Таъкидланишича, “Ёшлар куни” арафасида Бухоро шаҳридаги “Yosh tadbirkorlar” коворкинг маркази фойдаланишга топширилади.
Мазкур коворкинг марказда ёш тадбиркорларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга бошқача кўмак бериш, жумладан бизнес-режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, мастер-класслар ва семинарлар ташкил этиш режалаштирилган.