Бухоролик бир гуруҳ тадбиркорлар малакаси оширди

Республикамизда олиб борилаётган солиқ ислоҳотларини кенг ёритиш, тадбиркорлик субъектлари билан очиқ ва шаффоф мулоқотни ўрнатиш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш мақсадида Давлат солиқ қўмитасининг ишчи гуруҳи ҳамда «Солиқ плюс» газетаси таҳририяти томонидан Бухоро вилоятида кўргазмали семинар ташкил этилди.

Бу хақда Бухоро вилоят Давлат Солиқ бошқармасининг “betakrorbuxoro.uz” маълум қилди.

Мазкур семинарда вилоятда фаолият юритаётган 400 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

Хабарингиз бор, 2019 йил 1 январдан солиқ маъмурчилигида жуда кўп ўзгаришлар кучга кирди. Аввало, умумбелгиланган солиқ тизимига ўтиш яхши натижа бермоқда.

Биргина мисол. Айни пайтда Бухоро вилоятида 2 250 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади. Натижада солиқ тушумлари вилоятда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 145,6 фоизга ошди.

Таъкидлаш лозим, бошида кўпчилик соддалаштирилган қўшилган қиймат солиғини ҳамма тўлайди, деб ўйлаганди. Бироқ статистика шуни кўрсатаяптики, 70 фоиздан кўпроқ умумбелгиланган солиқ тўловчилари стандарт 20 фоизли ҚҚС тўлашга ўтди. Бу тадбиркорларга стандарт умумбелгиланган солиқни тўлаш манфаатли эканини англатади.

  • Мамлакатимизда солиқ тизимидаги ислоҳотлар натижасида солиқ турлари камайтирилиб, солиққа тортиш механизми янада содалаштирилди, – дейди ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази масъул ходими Содиқ Боймуродов. – Шунга қарамай, айрим бухгалтерлар ҳисоботларида қонунни бузиб қўйиш ва чалкашликларга йўл қўйишлар аниқланмоқда. Шу боис, айни пайтда давлат солиқ хизмати ходимлари тадбиркорларга маслаҳатчи ва кўмакчи бўлиб, солиқларни аниқ ҳисоблаш ва тўлашда тўғри йўл кўрсатиш зарурлигига ҳам эътибор қаратмоқдалар.

Семинарда ана шундай ҳолатларни олдини олиш, тадбиркорларга тўғри йўл кўрсатиш мақсадида давлат солиқ хизмати ходимлари билан биргаликда «Солиқ плюс» газетаси орқали берилаётган маълумотлар ҳам тадбиркорлар учун маслаҳатчи ва кўмакчи вазифасини ўтаб, солиқларни аниқ ҳисоблаш ва тўлашда яқинда кўмак бераётгани таъкидланди.

Тадбирда ишчи гуруҳи янги солиқ тизими бўйича юзага келаётган кўплаб муаммоларга эътибор қаратдилар.

  • Бугунги семинар жуда қизиқарли бўлди, – дейди, бухгалтер Сухроб Шаропов. – Эътиборли жиҳати, солиқ тизимидаги ўзгаришларни солиқ тўловчиларга батафсил етказиш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишлари Давлат солиқ қўмитасининг ишчи гуруҳи ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда олиб борилаётгани бизни қийнаётган айрим муаммо ва масалаларни очиқ ошкора билдиришимизга имконият яратди. Айниқса, янги ўзгаришларга муносабатимиз, таклифларимизга эътибор қаратилгани бизни қувонтирди. Мен ушбу тадбирда my.soliq.uz программасида Инкассо топшириқномаси билан олинган тўловлар корхонанинг шахсий кабинетида кунлик ёритиб борилишини таъминлаш бўйича таклиф билдирдим.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари иштирок этган кўргазмали семинарда вилоятда фаолият юритувчи 100 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари вакилларининг барча саволларига мутасадди ходимлар томонидан батафсил жавоблар берилди. Бундан ташқари, шу куни 10 дан ортиқ тадбиркорлар соха ходимларига ўзларининг таклифларини билдирдилар.

Тадбирда шунингдек, намуна кўрсатиб, фаолияти давомида солиқларни вақтида тўлаб келаётган, қонунга итоаткор бир гуруҳ жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, солиқ қонунчилигидаги янгиликларни тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишдаги фаоллиги учун оммавий ахборот воситалари вакилларига миннатдорчилик билдирилди.