Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман раиси Фаррух Икрамовнинг маълум қилишича, Пешкў туман Мудофаа ишлари бўлими собиқ ходими Фурқат Сафоев пора билан қўлга олиниб, унга нисбатан жазо чоралари қўлланилган.
Фурқат Сафоев 2018 йилнинг август ойидан ноябрь ойига қадар Пешкў туман Мудофаа ишлари бўлимида фаолият юритган. Иш ҳолатига кўра, Ф. Сафоев туман Мудофаа ишлари бўлимидан расман бўшатилган бўлишига қарамай, фуқаро Жаҳонгир Рўзиевнинг ишончига кириб, 2019 йилги чақирув мавсумида муддатли ҳарбий хизматга юборилишини ваъда қилган. Бунинг эвазига Жаҳонгир Рўзиевдан 400 АҚШ доллари талаб қилган.
Жорий йилнинг 3 март куни соат 12:20 ларда Пешкў тумани “Ибн Сино” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Ҳайдаробод” тўйхонаси олдида фуқаро Ж.Рўзиевдан 400 АҚШ доллари миқдоридаги чет эл валютасини қонунга хилоф равишда олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган.
Суд мажлисида судланувчи томонидан содир қилинган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, унинг шахси, айбига тўлиқ иқрорлиги, ижтимоий аҳволи ва оилавий шароити, муқаддам судланмаганлигини ҳамда жазони енгиллаштирувчи бошқа ҳолатлар инобатга олинган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 1-қисми, 28,25,211-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 57-моддасини қўлланилиб, 5.068.250 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.