Қоракўлда ёшлар ўртасида икки кун давом этган безорилик қотиллик билан якун топди

Қоракўлда бир гуруҳ ёшлар томонидан икки кун давом этган безорилик ҳаракатлари ёш йигитнинг ўлдирилиши билан якун топган ва қотилга нисбатан 10 йил, 6 ойга муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилган. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси Жалол Садиров маълум қилди.

Қоракўл тумани фуқаролари 1991 йилда туғилган Асрор Искандаров ҳамда 1997 йилда туғилган Ботир Жумаевлар Навоий шаҳридан меҳмон бўлиб келган ёш Моҳир Толибов ва унинг қоракўллик дўсти Азизбек Баҳодиров билан туман марказидаги кафелардан бирида тамадди қилишган. Арзимас сабаб билан чиққан жанжал оқибатида йигитлар ўртасида тўполон бошланган. Бири-бирини ўтакетган беҳа ё сўзлар билан ҳақоратлашган, дўппослашган. Эртаси куни жанжалга қоракўллик Озод Музаффаров, Шавкат Раҳимов ва Улуғбек Аҳмедов каби ёшлар ҳам аралашган. Безорилик ҳаракатларини авж олдиришган ва тарқашган.

Бироқ, иккинчи кун кеч тушгач, Моҳир Толибов, Азизбек Баҳодиров, Озод Музаффаров, Шавкат Раҳимов ҳамда Улуғбек Аҳмедовлар орани очиқ қилиш мақсадида тенгқурлари Асрор Искандаровнинг хонадонига келишган. Асрор Искандаров улар билан дарвоза олдида яна дўппослашиб, жанжал кўтарган. Жанжал чоғида Асрор зудлик билан яшаш уйидан мол сўйишга мўлжалланган ўткир тиғли пичоқни олиб чиққан ва қаршисидан чиққан Улуғбек Аҳмедовнинг инсон ҳаёти учун муҳим бўлган чап ўпка соҳасидан пичоқлаб, уни қасддан ўлдирган.

Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди томонидан Асрор Искандаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) ҳамда Жиноят Кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан айбли, деб топилган. Унга нисбатан узил-кесил 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган.

Шунингдек, Б.Жумаев, М.Толибов, А.Баҳодиров, О.Музаффаров ҳамда Ш.Раҳимовлар Жиноят Кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан айбланган. Уларнинг ҳар бири 3 йилдан муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм этилган.

Лайло Ҳайитова