Манманлик ёки “димоғидан ари чаққан”лар етакчиликка ярамайди

Камтарлик – инсон умрининг безаги. Тупроқдек хокисор бўлишга интиламизу, амммо билиб-билмай, ман-ман бўлиб қолганимизни англамаймиз.

Кимдир кутилмаган мансабдан, кимдир тасодиф туфайли келган бойликдан, яна кимдир эса ўзининг кимлигини англамай туриб, бурни осмонга кўтарилиб қолади. Шунда “Фалончи илгари самимий эди. Шу мансаб курсисига ўтирдию, атрофдагиларни кўзи кўрмай қолди, оёғи ердан узилди”,-деймиз. Мансаб “ҳаво”си оғирлик қилса, бундан ёмони йўқ. Эски чориғини унутган киши қанча юксакликка бўй чўзса, у шунчалик хавфли тус ола бошлайди.

Мансабдор қўлидан унча-мунча иш келар, аммо на иши, на бойлиги, на тузук муомаласи бор кишининг ҳеч гапдан ҳеч йўқ “сакраб” қолиши кишини ажаблантиради.
Касбимиз тақазоси билан турли ташкилотларнинг эшигини қоқиб турамиз. Айрим ҳолларда қайсидир раҳбарнинг муомаласидан хурсанд чиқсак, айрим ҳолларда кутилмаган муомаладан айтмоқчи бўлган гаплар ҳам эсдан чиқиб, нима дейишни ҳам билмай қолади, киши.

Ён-атрофимизга бир назар ташлайлик. Ёшгина йигит-қизларнинг баъзи ҳатти-ҳаракатларини кўздан кечирайлик. Самимият борми? Меҳр-чи? Инсонни тушуниш, катталарга иззат-ҳурмат, бошқаларнинг ҳам фикрини тинглаш каби ноёб жиҳатлар мужассамми? Афсуски, ижобий жавоб айтиш мушкул.
Бир йигитни биламан. Ёшлар ташкилотларининг бирида фаолият юритади. Талабалик йилларида камтарин йигит эди. Ҳозир-чи? Асло таниёлмайсиз уни. Ясама юриш-туришлар, баландпарвоз гаплар, ярашмаган пўписа билан атрофдагиларни ўзига ром этмоқчи бўлади. Аслида, ўзи зиммасига юкланган вазифасини тортишга малол.

Раҳбарларнинг номидан буйруқ қилиб бажартириб, сўнгра “мана мен қилдим” дея ўзини кўрсатишга устаси фаранг.
Энди ўйлаб кўринг, шундай ман-манлар ёшлар гавжум ташкилотларда етакчилик қилишга муносибми? Шу тоифадаги етакчиларга эргашган ёшларнинг келажаги қандай бўлади?
Ёшларни кўпинча ниҳолга қиёслаймиз. Шундай экан, ниҳолнинг қандай дарахт бўлиши уни парваришлаётган боғбонга ҳам боғлиқ эмасми?

Энг ачинарлиси, бундайлар ўзидан юқори лавозимда ишлайдиган кишиларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, аллақачон ишончига кириб олган бўлади. Қарабсизки, ишлар “беш”…

Айрим ёш раҳбар-етакчилар борки, на бирор амалий иш қилади, на ташкилот нуфузини кўтаради. Бирорким, ташкилот фаолияти борасида ёшлар ва аҳоли талабларидан келиб чиқиб, матбуотда ёритмоқчи бўлсангиз, гўё бу ташкилот фаолияти сирлию, уни ёритиш мумкин эмасдек, гўё.

Кўпсонли аҳоли билан, ёшлар билан ишлайдиган мансабдор уларни тинглаши, қалбига қулоқ тутиши лозим эмасми?
Албатта, бугунги замон бундай мансабдорларни кўтармайди. Ҳаёт – катта синов майдони. Аста-секинлик ила кимнинг ўрни қаерда кўрсатиб қўяверади. Беш кунлик имкониятни катта ютуқ билиб йўлидан адашадиганлар орамизда камми? Афсуски, биз ўйлагандан-да кўп.

Давринг келди, суриб қол, қабилида умргузаронлик қилаётган кишидан-да ожизи топилмаса керак. Чунки вазифасига лойиқ киши ҳеч қачон бундай йўл тутмайди. У соҳанинг янги қирраларини кашф этиб, ютуқларни ортидан эргаштиради. Нолойиқ киши-чи, вақтинчалик фурсатдан фойдаланиб қолишга интилади. Уч-тўрт кун раҳбар бўладию, орттирган ғавғоси беш-ўн йилга татийди.

Кўриниб турибдики, манманлик ҳеч кимга яхшилик олиб келмаган. Халқимизда “димоғидан ари чаққанлар” етакчиликка ярамайди, деган гап бор. Раҳбар-етакчи қанчалик оддий, самимий бўлса, унинг фаолияти ҳам шунчалик баракали бўлаверади.