4000 АҚШ доллари эвазига ер майдони олиб беришни ваъда қилган фирибгарга ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди раиси Нодирбек Шароповнинг Дарёга маълум қилишича, фуқаро Фаррух Эргашев бир нечта фуқарога 4000 АҚШ доллари эвазига ўзига тегишли бўлмаган 4 сотхли ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, фирибгарликка қўл урган.

Муқаддам  бир неча маротаба судланган Ф. Эргашев Умрзоқ Ҳакимов, Ҳамид Қораев, Хуррам Солиҳов ва унинг куёви Бахтиёр Рўзиевларнинг ҳар биридан 4000 АҚШ долларидан алдов йўли билан олган. Бироқ, бу пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб, жабрланувчиларга моддий зарар етказиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.

 

Дастлабки суд тергови жараёнидаёқ фирибгарнинг қилмишлари етарлича далиллар орқали ўз исботини топган.

 

Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 168-моддаси 2-қисмининг “б” банди қўлланилган.