Тез кунларда Пешкўдаги олис чўл ҳудудида жойлашган “Жонгелди” овули аҳолиси интернет алоқасидан баҳраманд бўлади. Бухоро вилояти ҳокимлиги аппарати матбуот хизмати хабар беришича, Жонгелде овулига виртуал олам кириб боради.
Овул – вилоят марказидан 225 км узоқликда жойлашган. Бу ҳудудда асосан, қозоқ ва қисман ўзбек миллатига мансуб 1200 нафардан ортиқ аҳоли қўним топган.
Овулда чорвачилик, йилқичилик ривожланган. Чўл ҳудудидаги овул кечаги кунга қадар жамият ҳаёти, айниқса, ахборот технологияси асридан бирмунча йироқ бўлган. Кейинги пайтларда барпо этилган замонавий уй-жойлар ҳамда ижтимоий объектларнинг фойдаланишга топширилгани ҳудуд аҳолиси ҳаётида туб бурилиш ясамоқда.
Овулга рақамли телевидение сигналини қабул қилиш мосламаси ўрнатилди. Аҳоли учун мамлакатда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан ўз вақтида хабардор бўлиб бориш имконияти яратилди.
– Тез орада ҳудудга интернет алоқаси йўлга қўйилиб, мактаб ўқувчилари виртуал оламдан самарали фойдалана бошлайди. Вилоят ҳокимлиги, Маданият, Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Халқаро болалар куни муносабати билан овулда катта байрам ташкил этилди. Ушбу байрам яқинда овулда қуриб, фойдаланишга топширилган 100 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасасида ўтказилди. “Бухоро китоб олами” МЧЖ томонидан китоблар савдоси ташкил қилинди ва унда уч юзга яқин бадиий адабиётлар савдога чиқарилди,-деди Ахборот ва оммавий коммуникациялар вилоят бьошқармаси бошлиғи Гулнора Самиева.
Овулдаги мактабгача таълим муассасаси ҳамда 24-умумий ўрта таълим мактаби кутубхонасига 100 га яқин бадиий китоблар совға қилинган. Тадбирда Жонкелди аҳолиси томонидан қозоқ миллатининг машҳур миллий таоми – “Бешбармоқ” тайёрланган.