“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси – ёшларга қанот!

“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси томонидан тақдим этилаётган имтиёзли кредитлар сабаб, атрофимиздаги кўп сонли ёшларни бугун ёш тадбиркор деб биляпмиз. Ёш тадбиркорлар сафи кенгайгани сари бўш иш ўринлари сони ҳам ортмоқда.

29 ёшни қаршилаган Умиджон Муродов ҳам худди шундай ёшлардан бири.

Болалагидан нонвойликни ўзига касб қилган Умиджон Бухоро Муҳандислик технологиялари институтини тамомлаб, нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Bakery chef” МЧЖга асос солди.

“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг Бухоро шаҳар филиали томонидан тақдим этилган 350 млн сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларига янги ва замонавий техникалар сотиб олиб, фаолиятини кенгайтирди.

– Ишим ўзимга ёқади. Ҳозирда бир кунда ўртача 1000-1500 дона маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз. Ҳозирда Бухоро вилояти бўйича таълим муассасалари, савдо шахобчаларига маҳсулот етказаётган бўлсак, яқин кунлар ичида маҳсулотларимизни республика бўйлаб сотиш ниятидамиз. 5 нафар ёш хотин-қизларни иш билан таъминлаганмиз. Уларга 800 минг сўмдан 1.5 млн сўмгача маош берамиз. Энг муҳими мазали ва ҳамёнбоп маҳсулотларни халқимизга етказяпмиз.

Бир ой давомида ҳозирча 1.2 млн сўмдан 1.5 сўмгача даромадга эга бўлаётган Умиджоннинг келажакдаги мақсадлари ҳам катта.

У каби ёшлар халққа хизмат қилиш билан бир қаторда, ўзи каби тенгдошларининг ҳам доимий иш ўрни билан таъминланишига ҳисса қўшмоқда. Давлат дастурининг мақсади ҳам шунда аслида.