“Ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳафталиги” доирасида пешкў тумани “Янгибозор” маҳалла фуқаролар йиғинида “Ёшлар бандлик дастури амалда” мавзусида тегишли мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбати давомида ҳар бир йўналиш ижроси бўйича тегишли ташкилот раҳбари томонидан амалга оширилган ишлар ҳисоботлари тингланди ва таҳлил қилинди. Таҳлиллар натижасига кўра бугунги кунда туманда “Ёшлар марказлари”да касб-ҳунарга ўқитилаётган ёшлар сони 107 нафарни, ҳунармандчиликка жалб этилган ёшлар сони 9 нафарни, касаначиликка жалб этилган ёшлар сони 8 нафарни, меҳнат ярмаркалари орқали ишга жойлаштирилган ёшлар сони 58 нафарни, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида бандлиги таъминланган ёшлар сони 51 нафарни, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси орқали бандлиги таъминланган ёшлар сони 4 нафарни ташкил этганлиги маълум бўлиб, манзилли режа ижросини бажариш юзасидан муҳокамалар қилинди.
Шунингдек, ёшларни ҳунармандчилик фаолиятига жалб этиш мақсадида “Ҳунарли ёшлар” шиори остида тумандаги ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг кўргазма тақдимотлари ҳам ташкил этилди. Тақдимотлар давомида ёшлар кўргазмага қўйилган ҳунармандчилик маҳсулотлари билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Ташкил этилган кўргазмада 30 нафардан ортиқ ҳунарманд ва тадбиркорлар маҳсулотлари билан иштирок этишди.
Шу билан бир қаторда, “Фермер ва ёшлар” мавзусида туманда фаолият юритиб келаётган “Хастанапур” ҳамда “Кўкчиён” кўп тармоқли фермер хўжалигига ёшлар билан учрашув ва агро саёҳат ташкил этилди.
Ташриф доирасида ёшларга фермер хўдалиги раҳбарлари Й.Фаттоев ва С.Йодгоровлар ўз фермер хўжаликларида ташкил қилинган иссиқхонада яратилган шарт-шароитлар ва етиштирилган маҳсулотларнинг даромади тўғрисида батафсил тушунчалар бериб ўтди.
Туманда уюшмаган, вақтинча ишсиз ёшларни бандлигини таъминлаш ва хорижда ишлаб қайтган ёшларни хорижга кетишларини олдини олиш мақсадида Афшона тиббиёт коллежи биносида “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ташкил этилди. Ярмаркада тумандаги 15 та корхона ва ташкилотлар ўзларининг 195 та бўш иш ўринлари билан иштирок этишди. Ярмаркада 3 нафар ёшнинг бандлиги таъминланиб, 35 нафардан ортиқ ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.