Бухоро вилоят ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, Ромитан туманилик фуқаро З.Ж. Бухоро шаҳрилик 1 нафар фарзанди бор Ш.С. билан хуфёна учрашиб турган ва унинг сирини ошкор қилмаслик эвазига ундан автомашина талаб қилган.
Ҳеч қаерда ишламайдиган З.Ж. яна икки нафар ромитанлик шериклари билан жиноий режа тузиб, ўзаро тил бириктирган. Жиноий режага кўра, З.Ж. ўз машъуқасига у билан хуфёна учрашиб юрганлигини тасдиқловчи видеоёзувларни оиласига ҳам кўрсатиб, шарманда қилишини айтган. Жабрланувчи учун сир сақланувчи лозим бўлган маълумотларни ошкор қилмаслик эвазига эса уч нафар йигит Ш.С.дан “Ласетти Жентра” автомашина олиб беришни талаб қилишган.
Бухоро шаҳридаги “Ситора-автосавдо” МЧЖ филиалида З.Ж.номига “Ласетти Жентра” русумли автомашина сотиб олиш тўғрисидаги шартномани расмийлаштиришга ва бунинг учун 128.679.875 сўм миқдордаги пулларни Бухоро шаҳар “Асака банк” АТга топшираётган вақтида вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан З.Ж. ҳамда унинг гумашталари Б.Қ. ва Н.Ғ.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Б.Қ. ва Н.Ғ.ларга нисбатан гаров, З.Ж.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.