Бухоро туманида “Ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш” ҳафталиги қандай ўтди?

Республикамиз бўйлаб 20-25 май кунлари старт олган “Ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳафталиги” доирасида Бухоро туманида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш, чорвачилик, паррандачилик, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда тикув-трикотаж соҳасида фойдаланиладиган ускуналар, минитехнологиялар ва маҳсулотларидан иборат ташкил этилган савдо ярмаркасида тумандаги тижорат банклари томонидан имтиёзли фоизли кредитлар ҳисобига ускуна ва маҳсулотларни харид қилиш имкониятига эга бўлишди. Хусусан, Жаҳонгир Муродов 27 млн сўм миқдоридагим кредит асосида паррандачилик фаолиятини йўлга қўйишни режалаштирган бўлса, Наргиза Каримова, Гулмира Жўраева, Матлуба Аллабердиевалар тикув машинкалари сотиб олиб, тикувчилик фаолиятини бошлашларини билдиришди. Савдо ярмаркасининг ўзида жами 16 нафар ёшлар парранда, чорва, тикув машинкаларини имтиёзли кредит асосида харид қилишди.

Шунингдек, ҳафталик доирасида Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, туман Адлия бўлими, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида “Хорижий давлатлар меҳнат қонунчилиги” тўғрисида семинар ҳам ташкил этилди. Семинар давомида хорижий давлатларда қонуний иш топиш, ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан кўрсатиладиган ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам тўғрисида маълумотлар берилди.

Ҳафталикнинг яна бир қизиқарли лойиҳаси “Тадбиркор ва ёшлар” учрашуви бўлди.

“New star mebel” МЧЖ раҳбари Шерали Жўраев, “Xumo” хусусий корхонаси раҳбари, “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси туман филиали директори Бекзод Акрамовлар иштирокида ўтказилган учрашув давомида ёшларга муваффақиятга эришиш сирлари, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва уни юритиш кабилан тўғрисида ўз тажрибалари хусусида тўхталиб ўтишди.

Яна бир қизғин лойиҳа “Агросаёҳат” бўлиб, лойиҳа доирасида тумандаги “Муҳаммад Исмат” номли кўп тармоқли фермер хўжалигига ёшларнинг саёҳати ташкил этилдию. Хўжалик раҳбари Муҳаммад Аҳмедов томонидан фермер хўжалиги ташкил этишда зарур бўлган маълумотлар берилди.