Бухорода ўтказилган тадбир 5 ташаббус тарғиботига бағишланди!

2019 йил 19 мартда Президентимиз томонидан Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус бўйича бугунги кунда ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига алоҳида урғу берилаётганини англатади.

Мана шундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бугун Бухоро ёшлар марказида Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда Республика ёшлар маркази вилоят бўлинмаси билан ўзаро ҳамкорликда ёшлар фестивали ўтказилди.

Фестиваль доирасида ташкил этилган “Ижодкор ва ёшлар” учрашувида вилоятдаги таниқли маданият ходимлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, ёзувчи, шоир Шодмон Сулаймон, вилоят мусиқали драма театри актёри Анвар Мавлонов, театр драматурги Моҳигул Назарова, вилоят Қўғирчоқ театри намойишлари муаллифи, шоира Гулчеҳрабону Қўлдошева, Бухоро давлат университети филология фанлари доктори, шоира Шоира Ахмедова, маданият бошқармаси маданият ходими Чўянд Ахмедовлар вилоятдаги 200 га яқин ижодкор ёшлар билан учрашиб, янги ижод ишлари тўғрисида самимий суҳбатда бўлишди.

“Сиз билан фахрланамиз!” шиори остидаги учрашувда 50 нафар спортга қизиқувчи ёшлар “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндори, спортнинг джиу-джитсу тури бўйича жаҳон чемпионлари билан ўзларини қизиқтирган саволлари юзасидан суҳбатлашган бўлишса, “Шахмат – ақл ва тафаккурда” шиори остида ўтказилган спорт мусобоқасида 7-12 ёш тоифасидаги 40 нафардан ортиқ шахматчи ёшлар ўзаро беллашишди.

“Энг яхши дастурчи” танловида эса ахборот технологияларига қизиқувчи ёшлар 4 та шарт бўйича баҳс олиб боришди.

“Ёш қаламкашлар” шиори остида ўтказилган китоб мутолаасида ёшлар янги нашр этилган бадиий адабиётларни муҳокама қилишди. 

“Ватан равнақига менинг ҳиссам” лойиҳасида 200 нафар Ёшлар марказлари қошидаги тикувчилик, сартарошлик, рассомчилик, тўқувчилик, пазандачилик йўналишидаги тўгараклар аъзолари томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

Бир-биридан қизиқарли лойиҳаларша “Иқтидорим, бор имконим сен учун Ватан!” шиори остидаги тақдирлаш маросими ва гала концерт якун ясаб берди.

Маданий дастур давомида вилоятдаги таниқли бадиий жамоалар, “Стипендия” номидаги “Қувноқлар ва зукколар” жамоаси ҳамда санъаткорлар томонидан намойиш этилган чиқишлар барчага хуш кайфият бағишлади.

  • ЗАРНИГОР НАФИДДИНОВА,
  • АЗАМАТ КАТТАЕВ ОЛГАН СУРАТЛАР