Ҳар ишда фаол ва пешқадам Ҳаракатнинг вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши ходимлари бу йилги мамлакатимиз “оқ олтин” хирмонини уюшда ҳам бор куч-ғайратларини сафарбар қилмоқдалар. Уларнинг дала меҳнаткашлари қатори муштни бир ерга қўйиб, кўпминг тоннали хирмонни тўлдиришга ҳисса қўшаётганлари диққатга сазовор.
Далага чиқиб, бободеҳқонга озми-кўпми кўмак беришнинг завқи, гашти ўзгача. Ишни ташкил этиш, ҳашарчи ёшларга хизмат кўрсатиш, жамоат ишларини мувофиқлаштириб боришда дала орти пахта штаби аъзолари жонкуярлик кўрсатишмоқда. Айниқса, штаб бошлиғи Алишер Хурамовнинг югуриб-елишларини айтмайсизми?!
Ҳаракат жонкуярлари хирмон уяётган Бухоро туманидаги “Жавоҳир Ойбек” фермер хўжалиги ёш раҳбари Шермат Ражабов улар шижоати ҳақида шундай дейди:
- “Камолот”чиларнинг кўмаги билан 48, 4 гектар пахта еридан бугунга қадар 47,930 тонна “оқ олтин” олдик. Режага асосан топширишимиз лозим бўлган 135 тонналик мажбуриятнинг улуши бир ҳафтадаёқ шу миқдорга етгани ҳосилдорликнинг мўллигидан дарак. Бу натижага, албатта, “камолот”чиларнинг фермер хўжалик аъзолари қатори пахта йиғим-теримига масъулият билан ёндошганлари боис эришилди, десам муболаға бўлмайди. Бундан ташқари, ёз давомида уюшмаган ёшлардан иборат “Бунёдкор-2015” аъзолари пахта майдонларимизда тер тўкишганди. Энди эса ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай, тез йиғиб-териб олишда улар ҳам жавлон урмоқдалар.
Ҳа, махсус кийим-бошлар кийиб, хирмон уяётган “камолот”чи ва уюшмаган ёшлардан иборат ҳашарчилар ҳосилдорликни гектар бошига 40 центнерга етказишга ҳаракат қилишмоқда.
Кўнгилли равишда пахта йиғимига чиққан азаматлар далаларда ҳам ташаббус кўрсатишиб, турли мусобақа ва қизиқарли оқшомлар ташкил этишда бош-қош. “Ким эпчил”, “Энг ғайратли теримчи”, “Мисқол тола учун” каби меҳнат тадбирлари дала меҳнаткашларига ҳам завқу-шавқ улашмоқда. Ғайратига ғайрат қўшмоқда.
Ҳар беш кунда мусобақа шартлари якунланиб, ғолиблар Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши ҳамда фермер хўжалик томонидан рағбатлантириб борилади. Ҳар икки кунда пахта ҳосилининг килограммига 250 сўмдан тўланаётгани эса меҳнаткашларни янада руҳлантираётгани, шубҳасиз. Шу ўринда илғор теримчи йигит-қизларнинг номларини санаб ўтиш жоиз: Нигора Жўрақулова, Охун Фахриев, Шаҳзода Самадова ва бошқалар.
Оловқалб ҳашарчи “камолот”чилар билан тарози бошида учрашдик. Саид Қўшшаев:
- Ҳар йили пахта ҳосилига ўз ҳиссамизни қўшамиз. Талабалик даврларимда ҳам тенгқурларим орасида энг илғорлар сафида эдим. Ҳозир ҳам терим авжини 70-80 килограммдан туширганим йўқ, – деса, Зарина Каримова:
- Мен, тўғриси, терим аввалида анчагина нўноқ эдим. Тенгқурларимдан ҳадеб ортда қолавериб, уларга етиб олиш учун роса ҳаракат қилдим. Тарози бошига бор-йўғи 10-15 килограмм пахта билан келардим. Ҳозир эса мана кўриб турганингиздек, 40-50 килограммгача теряпман. Демак, менда рекорд ажойиб! –дейди кулиб.
Худди шундай завқу-шавқ билан далаларда тобланаётган ва мамлакат иқтисодиётига чин дилдан муносиб ҳисса қўшаётган йигит-қизларга, балли, асло чарчаманг, деймиз.
Фаррух РУСТАМОВ, Ҳаракатнинг Қоровулбозор туман Кенгаши раиси.