БЕҒУБОР БОЛАЛИКНИНГ БАХТЛИ ОНЛАРИ

“Болажон-планета” хабарлари

Юртимизда сўнгги йилларда аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш,  янада қулайлик ва шарт-шароит яратиш ҳамда болаларнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишиши мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар эътиборга молик. Айниқса, шаҳримиздаги аҳоли гавжум ҳудудларида барпо этилаётган болалар майдончаси ҳамда истироҳат боғлари барчага бирдек қувонч бағишламоқда. 

 

“ШИРИН”

“Ширин Плаза Файз” масъулияти чекланган жамияти томонидан болажонларга туҳфа этилган “Ширин” болалар кўнгилочар марказида 20 га яқин аттракционлар болажонлар хизматида. Тадбиркор Шавкат Рахимовнинг “Асака банк” вилоят филиали томонидан ажратилган 800 млн. сўмлик кредит ҳисобига ташкил этган мазкур ўйингоҳи орқали 10 га яқин иш ўринлари яратилди. Соатига 50 нафар болага хизмат кўрсатадиган майдончада салқин ичимликлар ва музқаймоқ савдоси ҳам йўлга қўйилган.

“ПАХТАОЙ”

         Шаҳримиздаги 17-сонли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қад ростлаган “Пахтаой” дам олиш ўйингоҳи болажонларнинг севимли гўшасига айланиб улгурган. Бу ерга келган ҳар қандай ёшу қари майдоннинг олдинги ва бугунги ҳолатини кўриб шукроналик келтиририши, табиий. Чунки олдин ташландиқ ҳолда турган мазкур ҳудудда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар бўлими томонидан 8,5 млн сўмлик 13 турдаги ҳалинчак, чархпалак ва спорт нарвончалари ўрнатилди. Санитария ҳолати яхшиланиб, атрофи гуллар ҳамда манзарали дарахтлар билан кўкаламзорлаштирилди.

 “КИЧКИНТОЙ”

“Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, ҳар куни қилиши керак” деган нақлни теран англаган тадбиркорлардан бири Баҳриддин Исмоилов “Амир Темур маҳалласи”  ҳудудида яшовчи болаларга чинакам совға инъом этди. “Pasquale” ширинлик дўкони раҳбарининг хизматлари таҳсинга лойиқ. 250 млн сўмлик маблағ ҳисобига барпо этилган майдончада 12 та аттракцион ишламоқда. Бир вақтнинг ўзида 80 нафар болага хизмат кўрсата оладиган  ўйингоҳда 150 кишига мўлжалланган шинам ўриндиқлар, замонавий ёритгичлар ўрнатилган. Майдонча марказидаги фаввора ҳудуд микроиқлимини яхшилашга хизмат қилмоқда. Ширинликлар ва бошқа ичимликлар савдосининг ташкил этилгани болажонларнинг қувончига қувонч қўшмоқда. Атрофида хилма-хил биологик дарахтларнинг ўрнатилганлиги ҳаво муҳитини тозалаш баробарида, майдонча дизайнига алоҳида кўрк бағишламоқда. Мазкур ҳудудда яна 14 та Хитойдан  батут дарахтининг келтирилиши режалаштирилган.

Вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам болалар ўйингоҳлари, спорт майдончалари қурилиши давом этмоқда. Ўйлаймизки, бу каби маданий истироҳат марказлари беғубор болаликнинг бахтли онларини бир умрга хотираларга муҳрлайди.

           

                                               Зулфизар МАВЛОНОВА,               “Бухоро ёшлари” жамоатчи мухбири.