“БОЛАЛАР КИТОБИ” ФЕСТИВАЛИ

Маънавият байрами

Китоб – болалар оламини ёритгувчи маънавият қуёши. Китоб ҳар қандай кишининг дунёқараши, фикрлаш доирасини кенгайтирибгина қолмай, нутқ маданиятининг ривожланишига ҳамда ҳаётга теран нигоҳ билан қарашига ҳам кўмак беради.

Куни кеча вилоят ҳокимлиги, вилоят Маънавият ва маърифат Кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан вилоят мусиқали драма театрида ташкил этилган “Болалар китоби” II-республика фестивали ёш китобсеварларнинг чинакам маънавият байрамига айланди. Фестивал “Камолот кутубхонаси”, “Болалар кутубхонаси”, шунингдек, вилоятдаги мавжуд нашриётлар томонидан чоп этилган болаларнинг энг сара бадиий ва заргузашт тўпламлари кўргазмалари билан бойитилди.

Вилоятдаги умум ўртатаълим мактаби ўқувчилари, ёш ижодкорлар, шоир ва ёзувчилар иштирок этган мазкур фестивалда вилоят ҳокимлиги Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Мирзоҳид Даминов, шоир Шодмон Сулаймонлар сўзга чиқишиб, ёш китобсеварларни маърифат байрами билан қутлашди. Ва истиқлол йилларида ёш авлодга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик, болаларнинг китоб ўқиши ва қизиқишини ошириш учун чоп этилаётган сифатли китоблар, шунингдек, ҳозирги ривожланган технология асрида электрон китобларга нисбатан босма нашр китобларни мутолаа қилишнинг завқи, маънавий озуқаси нечоғли юқорилиги хусусида тўхталиб ўтишди.

Фестивал давомида ўтказилган мушоирахонликни олиб борган Гулнора Самиева, Исроил Субхонов, Дилмурод Жабборов, Замира Жўраева, Шуҳрат Ҳомидов каби қалам аҳли  ёш ҳаваскорларга китоб ва адабиётнинг ўрни, аҳамияти, шунингдек, нашриётлар томонидан чоп этилаётган тўпламларнинг сифати ва салмоғи ошиб бораётгани хусусида тушунча ва маслаҳатлар беришди.

Бобур Ҳамроев, Мафтуна Жонмуродова, Марҳабо Қурбонова каби ёш, биринчи китоб муаллифлари ижоди тенгдошлари эътиборига ҳавола этилди.

Тадбир сўнггида вилоят қўғирчоқ театри томонидан ёш драматург Ўзбектош Қиличев асари асосида тайёрланган “А саройининг сирлари” спектакли намойиши ўқувчи – ёшлар қалбини китобга ошно этишда янада муҳим аҳамият касб этди.

 

IMG_7991