ЗАҲКАШ ҚИШЛОҒИ “ОБОД ТУРМУШ”ГА АЙЛАНДИ

“Обод қишлоқ” дастури доирасида ободонлаштирилиб, қайта бунёд бўлган Пешкў туманидаги Заҳкаш қишлоғига “”Обод турмуш”  номи берилди. Қишлоқда электр энергияси таъминоти узлуксизлиги таъминланди. Бу ҳақда “Туркистон” МФЙ раиси Серсенгул Жаманчаева маълум қилди.

Қишлоқнинг асосий 1,6 километр йўли жорий таъмирланган. Узунлиги 3 километр йўлга шағал ташланиб текисланган. 0,5 километр ички йўллар янгидан барпо этилган. Қишлоқ кўчаларига 200 миллион сўм қийматдаги 50 та кўча чироқлари ўрнатилган. Электр энергиясидаги носозликлар бутунлай бартараф этилиб, 3 та трансформатор қурилган. 54 та таянч устунларига 1,8 километр 10 кв ҳаво тармоғи тортилган. 11 километр узунликда СИП кабеллари тортилган.

– Жорий йилда Заҳкаш қишлоғига “Обод турмуш” номи берилди. Ободончилик ва бунёдкорлик ишларини кўриб, ҳатто, ўзимиз ҳам ҳайратда қолдик. Қишлоқ кўчалари тунда ҳам ойдин, ёруғ. Энг муҳими, электр энергияси таъминотида узилишлар йўқ. 1700 аҳолиси, 381 та хонадон бор. Шу пайтгача қишлоқ аҳолиси электр энергияси таъминотидаги сурункали узилишлардан азият чекарди. Бугун эса аҳоли мамнун. Кам таъминланган 3 та хонадонда иссиқхоналар ташкил этилди. Бундан ташқари, савдо дўконлари, гўзаллик салонлари, янги бекат қуриш ишлари давом этаяпти. Ободончилик ишлари одамларни янгидан-янги режалар ва бунёдкорликларга чорлаяпти,-дейди “Туркистон” МФЙ раиси Серсенгул Жаманчаева.

Қишлоқда электр энергияси узлуксизлигини таъминлашдан ташқари, газ босими паст ва таъмирталаб қувурлар ҳам тўлиқ алмаштирилган. 1,3 километр газ қувурлари устунларга ўрнатилган, шунингдек, 2,1 километр паст босимли газ қувурлари бўёқланган.

– Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги муаммолар ҳам бартараф этилди.  Қишлоқда 20 метр куб сиғимдаги янги сув минораси тикланди. Пешкўдаги Шавгон сув иншоотидан тоза ичимлик сувини хонадонларга келтириш учун 1 миллиард 200 миллион сўмлик маблағ эвазига қувурлар тортиш ишлари ишлари давом этмоқда,-деди Пешкў тумани ҳокими ўринбосари Баҳодир Бафоев,- бундан ташқари, ижтимоий соҳаларда ҳам жадаллик илдам. 2 қаватдан иборат 50 ўринли мактабгача таълим муассасаси янгидан бунёд этилмоқда. Қишлоқда “Inter Clobal Stroy” МЧЖ қурувчилари томонидан тумандаги 42-мактаб ва қишлоқ оилавий поликлиникаси тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилиб, жиҳозланди.

Бундан ташқари, ишбилармон Жасур Раҳмонов томонидан автобекат қурилиши борасида ҳам анча ишлар бажарилган. Тадбиркор Шароф Жўраев томонидан эса  ўз маблағи ҳисобидан 200 миллион сўм эвазига мева-сабзавотларни узоқ сақловчи музлаткичли омбор қуриш ишлари бошлаб юборилган.

Buxoro yoshlari

газетаси.