ҲАР ДИЛ — БИР МАНЗИЛ

Бухорода ёшлар фестивали кўтаринки руҳда бош­ланди. Дастлаб тарғиботчилар Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Шундан сўнг улар гуруҳларга бўлинган ҳолда ўз миссияларини бажаришга киришди.

 Ҳамза РЎЗИЕВ,

Ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти  кенгаши раиси:

 — Қалби қайноқ, юрагида ўти бор, мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигига ҳисса қўшишни мақсад қилган ёшларни рағбатлантириш, уларнинг муаммоларига атрофлича ечим топишга қаратилган фестиваль вилоятимизга янги нафас олиб кирди. Лойиҳа бутунлай янги масштабда ўтказилаётгани билан аҳамиятлидир. Мақсадимиз фақат турли учрашув ва кўнгил­очар тадбирлар ўтказиш эмас, балки ёшлар муаммо ва камчиликларини ўрганиб, уларга амалий кўмак беришдир.

Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз!

Бухоро шаҳридаги кўзи ожизлар мактаб-интернатида ўтказилган тадбирда ўқувчи-ёшлар тарғиботчиларни ана шундай шиор ила кутиб олди. Имконияти чекланган бўлишига қарамасдан бу ўғил-қизлардаги шижоат, ғайрат ва интилиш мутахассисларни лол қилди, десак, асло муболаға бўлмайди. Ўз муаммоларини очиқ-ойдин ўртага ташлаб, жўяли таклифлар билдирган ўқувчиларнинг инглиз тилида ашулалар айтиб, ажойиб шеър ва рақслар ижро этгани меҳмонларда катта таассурот қолдирди. — Орамизда инглиз тилини ўрганишга қизиқадиган тенгдошларим жуда кўп, — дейди мактаб-интернат ўқувчиси Дурдона Муҳаммадова. — Кўпчилик Ёшлар марказидаги тўгаракларга бора олмайди. Шунинг учун таълим муассасамизда чет тили тўгараклари очилса ва малакали мутахассислар жалб этилса, яхши бўларди. Бундан ташқари, учрашув давомида юқори синфлар учун Брайл алифбосидаги дарсликларни чоп этиш, аудио китобларни кўпайтириш, кўзи ожизлар учун турли спорт мусобақаларини ташкил этиш таклифи билдирилди. Ёшлар иттифоқининг маҳаллий кенгаши раиси Миршод Очилов ушбу муаммоларни тинглаб, мактаб-интернатга 150 та бадиий ва аудио китоблар олиб беришни ваъда қилди. 2019 йилда Бухоро шаҳрида имконияти чекланган ёшлар учун кичик паралимпия ўйинлари ўтказиладиган бўлди.

 Мустаҳкам оила сари

Бухоро давлат университетида ўтказилган ёш оилалар форуми шундай номланди. Унда вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳудудий бошқармаси мутахассислари, талаба-ёшлар иштирок этди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган форумда оиланинг жамият ҳаётидаги ўрни, ёш оилалар ўртасидаги ажримлар сабаблари ва уларни бартараф этиш, эрта ниқоҳнинг олдини олиш масалалари хусусида сўз юритилди. Оилаларни мустаҳкамлаш, йигит-қизларни оилага тайёрлаш борасида қилинаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.

Оилавий муаммоларни келтириб чиқараётган омиллар муҳокама қилиниб, иштирокчилар томонидан уларнинг ечими юзасидан амалий таклифлар билдирилди. Якунда ёшлар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Когон туманидаги “Бизнес саёҳат” лойиҳаси давомида 10 нафар йигит-қиз ишли бўлди. Ёшлар тумандаги “Ал-ҳаким плюс” МЧЖга ишга жойлаштирилди. Ҳарбий хизматчилар учун махсус кийимлар тикишга ихтисослашган корхонада ишчилар учун барча шароитлар яратилган. Айни пайтга қадар 70 нафар ёшни иш билан таъминлаган муассаса келгусида улар сонини 100 нафарга етказадиган бўлди. — Бир йилдан буён иш излаб, турли ташкилотларга мурожаат қилдим, — дейди Умида Назарова. — Аммо ҳаракатларим бесамар кетди. Бугун Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ўтказилаётган фес­тивалда ишли бўлдим. Энди оила бюджетига ўз ҳиссамни қўшаман ва бундан хурсандман. Барча ташкилотчиларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

 Саломатлик — катта хазина

Шофиркон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада ижтимоий ҳимояга муҳтож 100 нафар ёш бепул текширувдан ўтказилди. Тўққиз йўналиш бўйича ўтказилган текширувлар давомида иштирокчиларга зарур тиббий маслаҳатлар берилди. Шунингдек, ёшларда аниқланган турли касалликларни даволаш учун Ёшлар иттифоқи томонидан бепул дори воситалари тарқатилди.

Инсон хулқи, унинг одоби яхшиликлари билан гўзал. Фестиваль давомида ижтимоий ҳимояга мухтож бўлган аҳоли қатлами, айниқса, ёшлар ҳолидан хабар олиш, уларга руҳий ва моддий кўмак беришга алоҳида эътибор қаратилди. “Бобоҳайдар” маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳайитой Ҳамроева, Алиса Такаева, хўжаорифлик Ҳасан Сайфуллаев ҳамда тумандаги яна тўрт нафар ижтимоий ҳимояга мухтож ёшларга керакли дори воситалари, иссиқ кийимлар совға қилинди. Хусусан, “Хўжаориф” маҳалласида яшовчи, оилавий шароити оғир, имконияти чекланган Азиза Олимжоновага ногиронлик аравачаси туҳфа этилгани бир ўксик кўнгилни шодлантирди. — Бундай тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад — имконияти чекланган ёшларни қўллаб-қувватлаш, ҳаётга муҳаббатини ошириш, юртимизда уларга яратилаётган имкониятлар тўғрисида маълумот беришдир, — дейди Имконияти чекланган ёшлар ва болалар Республика маркази координатори Дилафрўз Қўчқорова. — Келгусида бу ишларнинг кўламини янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.

 

Ёшлар нашрлари ёшларбоп бўлсин!

“Ёшлар нашрлари куни” фес­тивалнинг ўзига хос қисми бўлди. Зеро, ёшлар муаммолари, уларнинг қувонч-шодлиги, дард-аламларини етказишда матбуотнинг ўрни беқиёс. Бухоро шаҳри ҳамда Шофиркон туманида ўтказилган лойиҳада Ёшлар иттифоқининг умумтаълим мактаблари етакчилари, ҳудудий ва маҳаллий нашрлар вакиллари иштирок этди. Учрашувда ёшлар нашрларининг бугунги ҳолати ва фаолияти таҳлил этилди. Газета ва журналларнинг ютуқ-камчилиги билан бир қаторда, нашр ёшларбоп бўлиши зарурлиги, унда ёшлар дуч келаётган муаммолар кўпроқ акс этиши, ёш авлод таълим-тарбиясида кузатилаётган хатолар муҳокама қилиниши зарурлиги таъкидланди.

Айтиш жоизки, учрашувда ёшларнинг ўзаро баҳс-мунозарага киришиб, масалага танқидий руҳда ёндашгани мулоқотнинг қизғин ўтишини таъминлади. Иштирокчилар турли ёшлар нашрларига обуна бўлгани ҳолда улар ўз вақтида газетхонларга етказилмаётгани, бу эса зарур ахборотлардан ўз вақтида хабардор бўлиш имконини бермаётганини айтди. Ёшлар фестивали Бухоро вилоятида бугун ўз ниҳоясига етади.

Buxoro yoshlari

газетаси.