– Бухородаги 24-сонли кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси биноси 1964 йилда қурилган. Омборхона, ахборот ресурс маркази, меҳнат таълими хонаси ғоятда ачинарли аҳволда. Зах ва намдан деворлари нураб, йиқилиб кетган. Электр энергияси, иситиш тизими йўқ. Кир ювиш хонасида ходимлар қаттиқ совуқ қиш кунларида иситиш печларидан ёки табиий газ мосламасидан фойдаланишга мажбур. Спорт зали, фаоллар зали, ошхона давр талабларига умуман жавоб бермайди. Стадионнинг бор-йўқлиги ҳақида ўйламай ҳам қўйганмиз. 2,4 гектар майдондан иборат муассаса атрофини ўраб турган майдонлар бўм-бўш. Сув насоси йўқ. Олдинги сув келадиган ариқлар ёпилиб, бино ва йўллар қурилган. Майдонлар суғорилмагач, қаровсиз ва ташландиқ ҳолга келиб қолган. Харажатлар сметасига эса сув насос ўрнатиш учун маблағ ажратилмади,-деди таълим муассасаси директори Гулчеҳра Сафарова.
– Икки йилдан буён мазкур мактаб-интернат раҳбарисиз. Раҳбар фақатгина ўз соҳасининг билимдони бўлиб қолмасдан у тадбиркор ҳам бўлиши керак…
– Таълим муассасамиз 160 ўринга мўлжалланган. 214 нафар ўқувчи таҳсил олади. Шундан 126 нафари ўғил болалар, 87 нафари қиз болалардан иборат. Жорий йилда вилоят ҳокими томонидан 100 млн.сўм ёрдам берилди. Ётоқхонани, ўқув биносини таъмирлашга эришдик. Ётоқхона 100 ўринга мўлжалланган, ўқувчилар сонидан келиб чиқиб эса хоналарни қўшимча краватлар билан тўлдириб, 160 ўринга мослаштиришимизга тўғри келди. Ошхона ҳаво туйнуги, деярли, ишламайди. Лекин, болаларнинг соғлом овқатланиши учун бу борада муаммо йўқ. Ўқув биноси ва ётоқхонада иситиш ва сув таъминоти масаласи ижобий ҳал этилди. Ҳожатхона ва болалар ўйингоҳи капитал таъмирланди. Бўш ва қаровсиз қолган майдонларни эса ҳосил етиштирувчи тадбиркорларга беришга рухсат олиб, даромаддан муассаса шароити ва ўқувчи-ёшларнинг ижтимоий таъминотини оширишни режалаштираяпмиз.
– Ўқувчиларнинг таълим олиши учун ўқув-қуроллар ва китоблар таъминоти қай даражада?
– Мазкур мактаб-интернат 2016 йилда Япония ҳукуматининг кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам дастури орқали техник жиҳозлар билан таъминланган. Ушбу компьютерлар Jaws дастурига мослаштирилган. Бунда кўзи ожиз болалар ҳам овоз эшитиш, ҳам брайл техника алифбоси орқали компьютерни бошқаришади. Шунингдек, ҳар куни иқтидорли ўқувчилар томонидан олиб бориладиган мактаб-интернат радиостудияси мавжуд.
Бироқ, ўқувчиларнинг таълим олиши учун ўқув-қуроллар ва китоблар таъминотининг жуда пастлиги энг оғриқли нуқтамиз. Мазкур таълим муассасасига 1993 йилда 200 дона брайл ёзуви мосламалари, яъни прибор ва герифель берилган. Шундан буён бундай ўқув қуроллари билан таъминланмаган. Брайлча ёзувга мўлжалланган картон қоғозлари эса Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмаётгани сабабли уни сотиб олишда ҳам муаммолар етарлича. Жуда сифатсиз, ёзувлари тез ўчиб кетадиган картонлардан фойдаланишимизга тўғри келаяпти. Республика бўйича брайлча усулда 11-12-синфга дарслик ишлаб чиқилмаган. Ўқувчилар ясси алифболи китоблардан фойдаланишади. Мавзуларни кўзи заиф, ўқий олмайдиган ўқувчиларга ўқитувчи ёки тенгдошлари ўқиб беришади. Аслида, брайлча китобларнинг ҳар бирида мослаштирилган дисклар ҳам бўлиши муҳим. Лекин таълим муассасаси фаолияти тарихида бундай дискли китоблар берилмаган. Бадиий адабиёт ўқишни истайдиган ёшларимиз жуда кўп. Аммо, яна бир ачинарли жиҳати, 1984 йилдан буён ушбу таълим муассасасига брайл ёзувли бадиий китоблар келтирилмаган. Шу ўринда айтиш жоизки, брайлча китобларни жовонга териш ва уларни асраш технологияси бор. Ҳарчанд бунга амал қилмайлик, шароитнинг етарли эмаслиги муаммоларни оширяпти: таъмирга муҳтож ахборот ресурс хонасида китоб жовонларининг етишмаслиги оқибатида мавжудлари ҳам фойдаланиш хусусиятини йўқотиб бораяпти.
– Ўқувчилар мактабни тугатгач, ўзлари истагандек касб-кор эгаси бўла олишадими?
– Мактаб-интернат ўқувчиларини имконият, шарт-шароит йўқлиги боис, уларни касбга тўла йўналтириш мушкул. Юқорида айтиб ўтганимдек, ўғил болаларга мўлжалланган технология, меҳнат таълими биноси ночор аҳволда. Кир ювиш хонасига тегишли йўлакдан эса қизлар учун маиший таълим хонаси сифатида фойдаланаяпмиз. Тўғриси, кўзи заиф бўлгани учун таълим муассасасини битиргач, тайинли ишга ҳам эга бўлиши қийин. Ўқувчиларнинг 51 нафари ярим етим, 87 нафари кам таъминланган оила фарзандлари. Ҳатто, улар орасида ожизлиги сабаб ота-онаси томонидан йиллар давомида ҳолидан хабар олинмай келинаётган болалар ҳам йўқ эмас. Бир нафар ўқувчимизни ота-онаси қаршилигимизга қарамай, уни Болалар мурувват уйига жойлаштирди. Ҳолидан тез-тез хабар олиб турибмиз. Энди хулоса қилайлик: кўзи ожиз бола таҳсил олаётган таълим муассасаси шарт-шароитсиз, имкониятсиз бўлса, ота-онаси томонидан камситилиб, оилада ортиқча саналса, уларнинг эртаси, келажаги нима бўлади? Уларнинг жамият ҳаётидан узилиб қолаётгани ҳам оғриқли томонларимиздан. Ваҳоланки, Ёшлар ташкилотлари томонидан турли тадбир, фестиваллар ўтказилади. Лекин кузатадиган бўлсак, бизда таҳсил оладиган ўқувчи-ёшлар бундай имкониятлардан четда. Бирор марта таклиф ҳам этилмаган. Ўқувчиларимиз мактаб ҳаёти, руҳан ўзига яқин тенгдошлари, заифдошлари орасидагина ўзларини эркин тутишади. Кўриш бўйича имконияти чекланган ўқувчиларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш учун белгиланган мақсадларни амалга оширишда қийинчиликларга учраяпмиз. Кўзи ожиз болалар биргаликда, ҳамжиҳатликда қайноқ ҳаётга олиб кирилмас, таълим олиши учун шароит ва имконият яратилмас экан, уларнинг жамиятга дахлдорликларини ошириш ҳақида ўйлаш ҳам шартмас.
Суҳбатни Л. Ҳайитова уюштирди.